Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган «Фарғона» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида Фарғона туманида умумий майдони 2 396 гектар бўлган “Фарғона” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу қарори Фарғона вилоятида туризм ривожини янги, юксак босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Унга кўра:
1. “Шоҳимардон–Ёрдон” халқаро курорт зонаси.
2. “Водил” агротуризм кластери.
3. “Чимён” санаторий-курорт зонаси.
4. “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуаси ташкил этилади.

Бугундан эътиборан биз уларнинг ҳар бири ҳақида батафсил маълумот бериб борамиз.
Олой тоғлари қуршовида, сув сатҳидан 1550 метр юқорида, икки дарё қўшилуви жойидаги Ўзбекистоннинг энг гўзал гўшаларидан бири – Шоҳимардон қишлоғида 6 мингга яқин аҳоли яшайди.
Шоҳимардон табиати гўзаллиги, ҳавосининг кислородга бойлиги ва тозалиги билан ҳамиша сайёҳларни ўзига чорлаб келган.
Қишлоқнинг қоқ марказидаги тепаликда гўзал Мақбара савлат солиб туради. Уни Ҳазрати Алининг дунёдаги еттита мақбараларидан бири дейишади ва бу ерга зиёратга келиб дуои фотиҳа қиладилар.
Ижоди ҳақида ҳамон баҳсли мунозаралар давом этаётган шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий дафн этилган жой ҳам шу тепаликда.
Шоҳимардоннинг одамларни ўзига мафтун қилган Оқсув ва Кўксув дарёлари қишлоқ марказида қўшиладилар. Унинг оқим йўли икки қирғоқларида бугунга келиб замонавий дам олиш уйлари қурилган. Меъморий ечими турлича, аммо қулай дам олиш уйлари, меҳмонхоналари қишин-ёзин зиёратчи меҳмонлар билан гавжум.

Шоҳимардонликлар эрта тонгда топган -тутгани: қаймоқ, асал, малина, сарёғ, дўлта, қатлама патирларни олиб чиқиб меҳмонларга пешвоз келадилар. Қаймоқ, сариёғ, дўлта тоғлардан шифобахш ўт-ўлан еган чорванинг ғоят мазали маҳсулоти. Асалариларнинг гоҳ арча гули, гоҳ тоғ наматагидан йиққан боли минг дардга даво. Тоғ ёнбағирларида ўсадиган ёввойи малина мураббосига эса таъриф етишмайди. Уларни тандирдан узилган иссиққина ёғли нон билан истеъмол қиласиз.
Шоҳимардоннинг энг бебеҳо жиҳати унинг арчалар ифорига тўла шифобахш ҳавосидир. Шунинг учун бу ерда бир асрдирки, нафас йўлларини даволовчи сиҳатгоҳ ишлаб турибди.
Оқсув дарёси Шоҳимардонга гўё икки тоғни ёриб ўзига йўл очгандек. Шу ерда унинг қудратини ҳис қиласиз. Бир ёнида яна бир мўъжиза бор. Бу – чаккатомар. Баҳайбат тоғнинг асрий тошларидан битта-битта томиб кичик жилға ҳосил қилади у. Унинг сувини замзам таъмига ўхшатадилар.
Қишлоқ марказидан икки йўл бошланади. Бири кўллар, иккинчиси асрий арчазорлар томон элтади сизни. Кўксув дарёси ёқалаб уч-тўрт чақирим юрсангиз, унинг адоғида, шундоқ тоғ этагида осма йўл бошланади. Бу ерда сайёҳлар учун хавфсиз шароитлар яратилган.

Осма йўл анчайин тик. Ўн беш дақиқада сизни 700 метр баландликка кўтаради, яъни манзил – денгиз сатҳидан 2250 метр юқорида. Манзаралар эса бениҳоя гўзал. Йўл йўлакай ғор оғзидан отилиб чиқаётган бир анҳор сувни кўриб ҳайратланасиз. Яна юқорироқда эса тоғдан беш панжа чиққандек, бешта ёнма-ён жилғалардан сув оқиб туради. Қизиғи шундаки, ғор ва “беш панжа”дан чиқаётган сув миқдори қишин-ёзин бир меъёрда.
Юқорида эса кўм-кўк кўл. Унинг гўзаллигидан кўз қамашади. Дунёнинг машҳур “Баллатон”, “Севан”, “Байкал” кўлларидан-да гўзал сув ҳавзаси сизни маҳлиё этади. Унинг мўъжизавийлиги шу,ндаки, у 2250 метр юқорида, учта тоғ оралиғидан макон топган.
Кўлда икки чақирим сузиб ўтгач, арчали тоғ ёнбағридаги сўқмоқдан яна юқориланг. Оқсоч қоялардан жилға олган тоғ дарёси шошилиб-шошилиб Кўлиқуббонга қуйилади. Кейин эса, сўқмоқлар оралаб ўтсангиз олдингизда яна бир улкан кўл пайдо бўлади. У – кўк кўл. Бундай деб номланишининг сабаби у кўк рангда. Кўлиқуббон эса яшил рангда.
Шоҳимардонга қайтиб тоғнинг қиялик ва кескин бурилувчи йўлларидан уч-тўрт чақирим юрсангиз Ёрдон маҳалласига етасиз. Ёрдонликлар тўғрисўз, меҳнатсевар, аммо чўрткесар, айтганини қиладиган инсонлар. Биз улар билан бир фурсат суҳбатлашгач яна йўлга тушдик. Биринчи манзил Оқсув дарёсининг чап ирмоғи бўлди. Буни қаранг, у қанчалар ҳайқириб оқмоқда. Ҳатто полвонлар ҳам кўтара олмайдиган ҳарсанг тошларни оқизиб кетяпти.

Яна тик йўллардан тепага, арчазорга кўтариламиз. Ниҳоят йўл тугаб, эртаклардаги каби мафтункор манзара юз очади. Қорли қоялардан бошланган жилғалар Оқсув дарёсининг ўзанига айланади. Бу ернинг энг катта бойлиги шубҳасиз, унинг ҳавоси. Гиёҳлар ифорига уйғунлашган тоғ арчасининг сасидан нафас олар экансиз, афсонавий боғларда ҳис қиласиз, ўзингизни. Шундай жаннатмакон манзиллар энди ўнг минглаб сайёҳларни қабул қила олади ва уларга энг қулай шароитлар яратилади. Яъни:
– Икки босқичда Шоҳимардон — Ёрдон ва Ёрдон — Дугоба йўналишларида замонавий кабинали дор йўллари, осма кўприк қурилади.
– “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтадиган Шоҳимардонсойнинг қирғоқлари ва ўзанлари мустаҳкамланади.
– Газ балонларидан фойдаланувчилар учун газ тўлдириш шохобчаси қурилади.
– “Мозортаги” МФЙлар ҳудудида 4 км узунликда канализация тармоғи тортилади.
– Аҳоли ва бошқа истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун подстанция, трансформаторлар ва тармоқларни янгиланади.
– Электромобиллар ва бошқа турдаги транспорт воситалари учун қувватланиш станциялари ташкил этилади.
– Аэронавигация воситалари ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончалари қурилади.

Шоҳимардон ҳақида гап кетганида, албатта, Ўзбекистон – Қирғизистон ва Қирғизистон – Ўзбекистон чегараларидан ўтиш масаласи тилга олинади. Хўш, Президент қарорида бу ҳақида нималар дейилган?
Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси Фарғона туманининг «Водил» ва «Оққия» чегара ўтказиш пунктларига халқаро мақом бериш масаласида таклифлар ишлаб чиқишда Шоҳимардон, Ёрдон қишлоқларига ҳамда Қурбон кўли ва «Дугоба» дам олиш масканига ташриф буюрувчиларнинг тўсиқсиз ўтишларини таъминлаш назарда тутилган.
Шундай қилиб, “Шоҳимардон–Ёрдон” яқин вақт ичида мамлакатнинг энг обод ва қулай халқаро курортига айланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/smuSXzegZRg" title="Farg‘onada turizm yangi bosqichga chiqadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА