Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада тўхтаб турган юракда илк бор аорта клапанини протезлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди
11:47 / 2022-09-07

ФОТОРЕПОРТАЖ

Юрак инсон қон айланиш тизимидаги марказий аъзо бўлиб, у доимо бир хилда қисқариши туфайли қонни қон айланиш системаси бўйлаб ҳайдаб беради ва унинг веналар орқали қайтиб келишини, артериал қон томирларидаги ҳаракатини таъминлайди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг жарроҳлик столида ётган беморда ана шу ҳаракат бузилган.

Юрак клапанлари яхши ишламаслиги натижасида беморнинг нафас қисиши, чарчоқ, кўкрак қафасидаги оғриқлар ва юрак етишмовчилиги безовта қилган. Пойтахтдан келган малакали кардиохирурглар ва фарғоналик шифокорлар ушбу асоратларни бартараф этиш, беморни соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида илк бор тўхтаб турган юракда аорта клапанини протезлаш жарроҳлик амалиётини ўтказди.

–Ушбу мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун муассасада барча шароит ва имкониятлар яратилган, - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали директори Баҳодир Мамаджонов. – Германияда ишлаб чиқарилган “Штоккерт” сунъий қон айлантириш аппарати республикамизда саноқли, У жарроҳлик амалиёти вақтида бемор юраги тўхтатилгач юрак вазифасини бажаради.

[gallery-8680]

Вилоят марказларида бу каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг ўтказилаётгани тиббиётдаги ислоҳотлар, аҳоли саломатлиги учун яратилаётган имкониятлар самарасидир.

Таъкидлаш жоиз, йил бошидан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан жалб этилган етакчи кардиохирург мутахассислар иштирокида 9 нафар беморда аорта-коронар шунтлаш жарроҳлиги ўтказилган бўлса, июнь ойида юрак қон томир жарроҳлик ва микрохирургия бўлими шифокорлари томонидан 4 нафар беморда коротид эндартерэктомия жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли олиб борилган ва беморларнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Ҳозирги кунда беморларнинг аҳволи яхши, даво муолажалари давом эттирилмоқда.

 

 

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА