Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада театр жамоалари вилоят бўйлаб спектакллар намойиш қилмоқда
08:45 / 2021-12-18

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган 5 та театр ижодий жамоалари шаҳар-туманларда бўлиб, ўз репертуарларидан жой олган спектаклларни намойиш этмоқда.

 Вилоят мусиқали драма театри, рус драма театри, қўғирчоқ театри, Қўқон шаҳар мусиқали драма театри ва Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри томонидан саҳналаштирилган саҳна асарлари томошабинларга жуда ҳам манзур бўлаётир.

- Қува, Тошлоқ, Қўштепа, Риштон, Ёзёвон туманлари, Фарғона ва Қувасой шаҳарлари маданият марказларида Саид Аҳмад асари асосида саҳналаштирилган “Уфқ”, Ўзбекистон Қаҳрамони, олтиариқлик машҳур фермер Лолахон Муротова ҳақидаги “Лола ёхуд барханларда унган гул” каби ўндан ортиқ спектакллар намойиш этиляпти, - дейди вилоят мусиқали драма театри актёри, труппа раҳбари Азизбек Темиров.

Вилоят қўғирчоқ театри матбуот котиби Шаҳло Ҳожимаматованинг айтишича, олис ва чекка қишлоқларда Янги йил байрами олдидан жажжи томошабинлар учун қўйилаётган  “Карвонсарой”, “Мусиқали чойхона” сингари спектакллар болажонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Айни кунларда вилоят бўйлаб театр томошалари давом этмоқда. Шунингдек, ташкилот ва корхоналар жамоаларининг театрга бориши йўлга қўйилмоқда. Судьялар, тизим ходимлари ва уларнинг оила-аъзолари Фарғона шаҳридаги Театр-концерт саройида “Эргинамнинг орзуси" номли спектаклни томоша қилиб, маданий ҳордиқ чиқаришди.

М. Сулаймонов, ЎзА