Фарғона шаҳридаги Экошаҳар амфитеатрида. “Талабалар киберспорт ўйинлари – 2025” республика чемпионати финал босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда юртимизнинг барча ҳудудларидаги олий ўқув юртларининг жамоалари, шунингдек, қўшни Қирғизистон вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мусобақа Президентимизнинг 2022 йил 16 ноябрдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
[gallery-24052]
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров илк бор Фарғонада ўтказилган бу мусобақа ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилишини, мазкур замонавий спорт тури ривожланиб бораётганлигини таъкидлади. "Талабалар киберспорт ўйинлари” республика чемпионатини вилоятда анъанавий ўтказиш таклифини билдирди, иштирокчиларга омад тилади.
Уч босқичдан иборат чемпионатда республикамизнинг барча ҳудудларидан 64 та жамоа ва 300 нафар сараланган иштирокчи финалда беллашди. Мусобақаларда жами 210 та олий таълим муассасасидан 44 мингдан ортиқ талаба, 3 мингдан зиёд
жамоа иштирок этди. Ижтимоий тармоқлар орқали эса мусобақа 225 мингдан зиёд томошабин томонидан кузатиб борилди. Бу эса лойиҳанинг маҳаллий, миллий ва глобал миқёсдаги таъсири юқори бўлганини ўзида акс эттирди.
Тадбир давомида чемпионат ғолиблари ва турли номинациялар соҳиблари номлари эълон қилинди.
Хусусан, "Dota 2" киберспорт тури бўйича Тошкент шаҳридаги Webster университети жамоаси 1-ўринни эгаллади. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 2-ўринни, Қорақалпоқ давлат университети эса 3-ўринни қўлга киритди.
Counter-Strike тури бўйича 1-ўрин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоасига насиб этди. 2-ўрин Жиззах вилоятидаги Сабҳрам университети жамоасига, 3-ўрин эса Тошкент шаҳридаги Webster университети жамоасига насиб қилди.
Just Dance спорт тури бўйича Тошкент вилоятидаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 1-ўринга эга чиқди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети 2-ўринни, Андижон давлат техника университети эса 3-ўринни банд қилди.
Киберспортнинг футбол мусобақасида тадбир қатнашчилари Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Янги Ўзбекистон университети вакиллари ўртасидаги қизиқарли баҳсга гувоҳ бўлдилар. Якуний натижаларга кўра, Янги Ўзбекистон университети жамоаси 1-ўринни, Тошкент ахборот технологиялари университети 2-ўринни, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти эса 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар ва номинациялар соҳибларига мусобақа кубоги, пул маблағлари кўрсатилган ваучерлар, сертификат, диплом ва медаллар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Қирғизистоннинг Ўш давлат университети жамоаси ҳам фаол иштироки учун тақдирланди.
Эстрада хонандалари ижросидаги юртни, меҳр-муҳаббатни, бирдамликни тараннум этган куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринкилик, ёшларга ғайрат-шижоат бағишлади.
Осмон узра порлаган мушакбозлик тадбир иштирокчиларига хушкайфият улашди.
М.Сулаймонов, ЎзА