ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғонадаги «Само» спорт мажмуасида “Eurasian Open Youth Cup” анъанавий таэквондо ITF йўналиши бўйича халқаро мусобақа бошланди.
Халқаро мусобақада еттита давлатдан келган 3 ёшдан 35 ёшгача бўлган 300 нафарга яқин спортчи уч кун давомида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Байрамона руҳда ташкил этилган очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон анъанавий Таэквон-до федерацияси, Ўзбекистон Қуролли можаролар ва антитеррористик кураш ногирон-фахрийларининг “Ватан” хайрия жамоат фонди оммавий ташкилий ишлар бўлими вакиллари иштирок этиб, спортчиларга омад ва зафар тилади.
[gallery-11982]
Баҳслар бошланиши олдидан мамлакатимизда спортнинг, хусусан анъанавий таэквондонинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов ҳамда вилоят анъанавий таэквондо федерацияси раиси Ботиржон Баҳодиров ёш спортчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги самарали фаолиятлари учун Ўзбекистон Қуролли можаролар ва антитеррористик кураш ногирон-фахрийларининг “Ватан” хайрия жамоат фонди томонидан “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун” медали билан тақдирланди.
- Халқаро мусобақа вилоятимизда ўтказилаётгани бежиз эмас, чунки кейинги вақтларда вилоятимиз таэквондочилари турли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда, - дейди Фарғона вилояти анъанавий таэквондо федерацияси раиси Б. Баҳодиров. - Беллашувларда спортчилар шахсий ва жамоавий баҳсларда ўз маҳоратларини намойиш этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА