Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Тадбиркорлик ва бизнес академияси очилди
08:53 / 2020-11-08

Фарғона шаҳрида Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси томонидан Тадбиркорлик ва бизнес академияси ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳудудларда экспорт салоҳиятини кенгайтириш йўлида изчил чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб хорижда ортиб, мамлакатимизда экспорт бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Бу борада Олтиариқ, Қува туманларида яхши тажриба бор. Сархил мевалар Россия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларга экспорт қилиняпти. Албатта, экспортчи корхона ва тадбиркорларга бу йўналишда кўмак бериш ҳам муҳим вазифалардан биридир. Тадбиркорлик ва бизнес академияси ана шу мақсадда ташкил қилинди.

“Тадбиркорлар уйи”да иш бошлаган мазкур академиянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси М.Умаров, вилоят ҳокими ўринбосари М. Абдураҳмонов мазкур маскан ёш тадбиркорларнинг билим ва малакасини ошириб, жаҳон бозорига ўзбек маҳсулотларини олиб чиқишига хизмат қилишини таъкидлади.

Академияда маркетинг, менежмент, молиявий ҳисобот, логистика, брокерлик курслари бор. Хоналар замонавий ахборот технологяилари билан таъминланди. Бу ерда тадбиркорларни экспорт бўйича билим ва тушунча олишлари учун барча имкониятлар яратилган.

– Экспорт иқтисоднинг драйвери ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси Мухторжон Умаров. – Мазкур академияни ташкил этишдан асосий мақсад ёш тадбиркорларга экспорт борасида зарур илм бериш, рақамли иқтисодиётни мазмун-моҳиятини ўргатишдан иборатдир. Ўқув дастурлари жаҳон стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда тузилади. Академиянинг тинловчилари асосан ёшлар бўлиб, бу ўзига хос экспорт халқаси бўлади. Биринчи кундан бошлаб, улар экспортёр компанияларга боғлаб берилади ҳамда уюшма ёрдамида жаҳон электрон савдо тизимига уланади. Сотилаётган маҳсулотлардан улар иқтисодий манфаатдор ҳам бўлишади. Бу билан уларнинг бандлиги таъминланиб, даромад манбаи топишига ёрдам берган бўламиз.

Замонавий академиядаги барча курслар жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ва энг замонавий тизим орқали ўргатилади. Кенг қамровли курслар рўйхати ва танлов имконияти мавжуд. Битирувчилар сертификат ва курслар охирида максимал даражадаги иш билан таъминланади.

Шаҳар-туманлардаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, экспорт ва бошқа масалаларда фикрлашиб олинди.