Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада тадбиркорлар ҳуқуқини бузган 100 нафардан ортиқ мансабдор шахсларга маъмурий жарима қўлланилган
13:18 / 2021-02-11

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги ходимлари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Ўтган йил давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар ва ваколатли органлар томонидан 100 нафардан ортиқ мансабдор шахсларга маъмурий жарималар белгиланди, – дейди Бизнес-омбудсман девонининг Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори Отабек Имомов. – Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилишни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича давлат органларига 21 та тақдимнома ва 6 та огоҳлантиришлар киритилди. Натижада давлат органлари мансабдор шахсларининг 150 дан зиёд ноқонуний қарорлари, тадбиркорлардан ундирилиши белгиланган 2,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириш бўйича ҳужжатлар бекор қилинди.

Шу билан бирга, 8 та тадбиркорлик субъектининг 1,4 миллиард сўмдан ортиқ дебитор қарздорликларини ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, дебитор қарздорликлари ундирилишига эришилди. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг бинолари ва ер майдонлари уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда, қонун талабларига риоя қилмасдан олиб қўйилиш ҳолатлари бўйича 40 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.

Мазкур йўналишдаги мурожаатлар асосида Бизнес-омбудсман томонидан Фарғона вилоятида тадбиркорлар манфаатларида ҳокимликлар қабул қилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судларга 12 та ариза киритилиб, тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Жумладан, Риштон туманидаги “Шокирпирим ерлари”, “Мирзаназар ери”, “Мустафақул ота ерлари” фермер хўжаликлари, Фарғона шаҳридаги “Мадад”, Олтиариқ туманидаги “Греат Бюлдинг холдинг” масъулияти чекланган жамиятига тегишли ер майдонларига тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ҳокимликлар қарорлари судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилди. Умумий ҳолда 6 та тадбиркорнинг бино-иншоотларини маҳаллий ҳокимлик балансига, 6 та тадбиркорнинг 60 гектарга яқин ер майдонларини захирага олиш бўйича ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорлар бекор қилинди.

Шу ўринда, “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига асосан манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилиши, шунингдек, ер билан боғлиқ қонун ҳужжатларида ер майдонларини олиб қўйиш бўйича аниқ тартиб-таомиллар белгиланганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

М.СУЛАЙМОНОВ,  

ЎзА мухбири