ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан “Солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, вилоятда солиқ маъмуриятчилигининг тўғри ташкил этилиши, тадбиркорлик субъектларига солиқ мажбуриятларини бажаришларида яқиндан кўмаклашиш чора-тадбирлари натижаси ўлароқ солиқ тушумлари ўсишига эришилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида 2022 йил 1-ярим йилликдаги бюджет тушумлари 2 триллион сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 бараварга ўсган.
[gallery-7863]
Анжуманда солиқ қарздорлиги юқори бўлган тадбиркорлар билан учрашиш, ундирув чораларини кўриш мақсадида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилгани ҳамда қарздорликни мол-мулк ҳисобидан қоплаш учун хатлов тадбирлари олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди. Қайд этилишича, июнь ойида ўтказилган хатловлар натижасида вилоятдаги 120 та субъектдан 11,6 миллиард сўм миқдоридаги солиқ қарздорлиги ундирилди. Шунингдек, қарздорлиги катта бўлган 84 нафар тадбиркорнинг 72,1 миллиард сўм қийматдаги транспорт воситалари, маъмурий биноси ва бошқа мол-мулклари хатловга олинди.
Тадбир давомида иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида жорий этилган “кешбэк” ва “Солиқ ҳамкор” тизимлари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ, ЎзА