Фарғона давлат университетида сайлов қонунчилиги бўйича тренерлар малакасини ошириш ва тайёрлаш семинар-тренинги ўтказилмоқда.
Бир ҳафта давом этадиган машғулотларда сайлов жараёни иштирокчиларининг сайловни ташкил этиш, ўтказиш бўйича кўникма ва малакаси, сайлов жараёнлари соҳасидаги ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга эътибор қаратилади.
Жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўриш ва уни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини ошириш борасида концепция ишлаб чиқилди ҳамда амалий ишларга киришилди. Фарғона вилоятида бошланган маҳаллий тренерлар иштирокидаги семинар ана шулардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Маҳмудова, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ю.Камолов ва бошқалар Янги Ўзбекистонда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора, шаффоф ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Уч босқичдаги малака оширишни ташкил этиш концепциясининг муҳим жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Семинар-тренинг иштирокчилари амалий машғулот ўтказилиши белгиланган намунали сайлов участкасида бўлиб, бу ердаги жараён билан танишди. Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академиясининг профессор-ўқитувчилари сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти хусусида тренерларга батафсил тушунтиришлар бермоқда.
Машғулотлар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усуллар асосида ўтказилаётган бўлиб, сайловга оид савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
М. Сулаймонов,
ЎзА