English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада сармоя жалб этишнинг ўзига хос усулидан фойдаланилмоқда
15:54 / 2026-01-20

Айни кунда дунёнинг кўпгина мамлакатларида Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги йилларга қадар улар асосан давлатлараро сиёсий мулоқотларни мустаҳкамлаш билан шуғулланарди.

Энди элчилар зиммасига Ўзбекистон иқтисодий имкониятлари, инвестиция ва экспорт салоҳиятини тарғиб қилиш, тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатиш каби вазифалар ҳам юклатилди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги ўтган йиллар давомида юртимизнинг Хитой, Россия, Қувайт, Япония, Уммон, Германия, Туркия ва Малайзиядаги элчихоналари билан яқиндан алоқа ўрнатиб, бу мамлакатлар ишлаб чиқарувчилари билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга эришдилар. 2026 йилда эса яна 11 та давлатдаги элчихона билан ҳамкорлик ўрнатилади. Бунга ишончли асос бор. Фарғона вилоят ҳокимлиги Ўзбекистонга хайрихоҳ хорижий давлатлар билан ишлашнинг ўзига хос шаклини яратди. Масалан, 2025 йилда Хитойнинг вилоятга киритган инвестицияси 1,5 млрд.доллардан ошди. Бу ўз-ўзидан бўлмади, албатта. Ҳокимлик қошида ўнта хитойшунос мутахассисдан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Улар асосан Хитой ва Европа олий ўқув юртларида таҳсил олган ва фаолият юритган, бир нечта чет тилларини биладиган ёшлардир. Ўзбекистонга сармоя киритиш ниятидаги тадбиркор, компания ва корпорациялар ҳақидаги маълумотни излаб топиш, улар билан алоқа ўрнатиш, вилоятга таклиф қилиб шарт-шароитларни таништириш, маҳаллий ҳамкор топиш, шартномалар тузиб давлат рўйхатидан ўтказиш... каби жараёнлар давомида ҳокимлик ишчи гуруҳи мутахассиси бўлғуси инвестор билан бирга бўлади. Ва ниҳоят амалий натижага эришилади. Айнан шундай ишчи гуруҳи германиялик инвесторлар учун ҳам тузилган ва самарали фаолият олиб бормоқда.

Шу каби иш услубини қўллаб, Фарғона вилоятида 2026 йилда хорижий инвестицияни 4,0 млрд. долларга, экспортни эса 1,7–2,0 млрд.долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА