Фарғона вилоятида бугунги кунда Россия капитали иштирокида 125 та корхона фаолият олиб бормоқда. Сўнгги тўрт йил ичида бундай корхоналар сони 2,5 баробарга ошди.
Вилоятнинг Россия Федерацияси билан ўзаро савдо айланмаси жорий йилнинг ўтган ўн ойида 338,7 миллион долларни ташкил этди. Бу борада ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 132 фоиз ўсиш қайд этилди. 2021 йил январь-октябрь ойларида Россияга вилоятнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми эса 193,7 миллион долларга тенг бўлди.

Риштон туманидаги “Ruso‘zbekteks” масъулияти чекланган шаклидаги қўшма корхона далил ривожланиб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Тўрт йил олдин вилоятда биринчилардан бўлиб, пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил этди. Ҳар йили шартнома режаларини ортиғи билан уддаламоқда, жорий йилнинг ўзида 20 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили хирмони яратди.

Жамиятнинг йигирув корхонасида калава ип ишлаб чиқарилмоқда. Унинг 90 фоизи экспортга йўналтирилган бўлиб, Хитой, Туркия, Корея давлатларига етказиб берилмоқда. Мазкур тармоқ 2019-2020 йилларда модернизация қилинди. 1 миллион 500 минг евро миқдорида маблағ сарфланиб, Германиядан замонавий ип йигирув дастгоҳлари олиб келинди. Натижада нафақат маҳсулот сифати яхшиланди, балки иш унумдорлиги ҳам ошди.Шунингдек, жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган пахта ёғи, широт, шелуха ички бозорга етказиб берилмоқда.

Айни вақтда хорижий инвестиция ва банк кредитларини жалб этган ҳолда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган фабрика қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА