French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада қуёш батареялари ёрдамида ишлайдиган кўчма светофорлар ўрнатилмоқда
08:30 / 2022-02-17

Ўтган йилда Фарғона вилоятида содир этилган 1 минг 469 та йўл-транспорт ҳодисаларида 257 нафар фуқаролар вафот этган, 1 минг 387 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 617 таси пиёдалар, 366 таси болалар, 319 та велосипедчилар иштирокида, 401 таси эса тўқнашув оқибатида содир этилган. Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида аниқ тадбирлар белгилаб олинган.

Замонавий йўл белгилари ва светофорларнинг ўрнатилиши бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу кунга қадар  йўл бўйларида янги қурилган умумтаълим мактаблари олдига 22 та қуёш панелли светофорлар ўрнатилди. Ўқувчи ёшларнинг хавфсиз ҳаракатланишлари учун 125 та таълим муассасалари олдида сунъий нотекисликлар яратилди. Бу амалиёт кўлами кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида яна 462 та таълим муассасалари олдига нотеккисликлар ўрнатиш режалаштирилган. Пиёдалар ўтиш жойларига 132 та  ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Вилоятда аҳоли гавжум жойлар, хусусан, бозорларнинг кириш қисми ва мактаблар яқинига қуёш батареялари ёрдамида ишлайдиган кўчма светофорлар ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур қурилма лойиҳаси Фарғона политехника институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган. Дастлаб Ёзёвон туманида синовдан ўтказилган кўчма светофор ижобий самара бериб, унинг энергия тежамкорлиги, исталган ерга ўрнатиш имконияти мавжудлиги ҳар жиҳатдан маъқулланган. Бугунги кунда “ақллли светофор”лар “Олтиариқ-инновация” корхонаси мутахассислари томонидан тайёрланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган ушбу қуёш панели ёрдамида ишлайдиган светофорлар электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилаётган ҳозирги шароитда жуда қулай. Қолаверса, давлат томонидан ўрнатиладиган светофорлардан анча арзон. Жумладан, мобил светофор 15 миллион, пиёдалар учун мўлжаллангани 40 миллион, чорраҳаларда қўлланадигани эса 100 миллион сўм атрофида.

 

М. Сулаймонов, ЎзА