Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Қувайт компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
15:59 / 2023-05-03

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қувайтнинг “Gulf Care General Trade” ҳамда “Energy Solutions” компаниялари бошқарув кенгаши раиси Эйад ал-Салеҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда тиббиёт ва фармацевтика, энергетика ҳамда тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, инвестицион ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасида фикр алмашилди. Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни Фарғона вилоятида бошлаш истагида эканликларини қайд этган Эйад ал-Салеҳ вилоят бўйлаб қатор объектларда, шу жумладан, Фарғонадаги Марказий Осиё тиббиёт университетида, "Meridian diagnostic" тиббий диагностика марказида, Фарғонада барпо этилаётган экошаҳар ҳудудида бўлишганини қайд этиб, вилоятнинг салоҳиятини юқори баҳолади.  

Форс кўрфази давлатлари ҳудудида тиббиёт жиҳозлари етказиб бериш, тиббий ва лаборатория хизматлари кўрсатишда асосий компания ҳисобланган, шунингдек, фармацевтика соҳасида ҳам етакчилардан бири бўлган “Gulf Care General Trade” Фарғона вилояти ҳудудида замонавий тиббиёт клиникалари ҳамда лабораториялар ташкил этиш, шунингдек, сифатли ва арзон дори-дармонлар етказиб беришни йўлга қўйишни режалаштираётгани маълум қилинди. “Energy Solutions” компанияси эса вилоят ҳудудида қуёш ва шамол электр станциялари қуриш истиқболларини ўрганмоқда. Вилоят ҳокими саноат бозорида қўлланиладиган турли хил ускуналар ва электр технологияларни ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўйича катта тажрибага эга бўлган ушбу компанияга Фарғонада трансформаторлар ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш таклифини берди ва бу ижобий қабул қилинди.  

Мулоқот давомида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари бўйича биргаликда иш ташкил этишга келишиб олинди. Қувайтлик меҳмонлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишди, шунингдек, Бешариқ тумани ҳудудида қуёш электростанцияси қурилиши учун кўзда тутилган ер майдонларини кўздан кечирди.  

М.Сулаймонов, ЎзА