Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада қурилиш объектлари мониторинг қилинмоқда
12:14 / 2024-10-08

Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан жойларда олиб борилаётган қурилиш объектларида навбатдаги мониторинг ишлари ўтказилди.

Жумладан, Фарғона шаҳар “Наврўз“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6-умумтаълим мактабида 915 ўринли янги ўқув биноси, шунингдек, Дўстлик маҳалласидаги 9-умумтаълим мактабида беш қаватли қўшимча ўқув биноси қурилиш жараёни ўрганилди.

Мазкур объектларда бош пудратчилар – “Само кўрки” ҳамда “ПМК Стандарт” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида бир қатор камчиликлар аниқланди.

– Ушбу қурилиш объектларида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаётгани, бетон плиталар оралиғи махсус қоришма билан тўлдирилмагани, ўрта деворлар чоки белгиланган меъёрдан ошиқча эканлиги, объект чиқиндилардан тозаланмагани сабабли қурилиш ишлари бетартиб бажарилаётгани, металл трубалар коррозияга қарши ҳимояланмагани каби камчиликлар аниқланди, – дейди Фарғона вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси Муҳаммаднодир Содиқов. – Йўл қўйилган камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди, нотўғри амалга оширилган қурилиш ишлари буздирилди.

Шунингдек, хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган қурилиш объектларида ҳам мунтазам мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Масалан, Фарғона шаҳар Тадбиркорлар кўчаси 32-уй манзилида барпо этилаётган нотурар жой объектида бинонинг ташқи томонини базальт қоплама билан ўраш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш зарурлиги уқтирилди. Йўл қўйилган камчиликлар бўйича тадбиркорга огоҳлантириш берилди.

М.Сулаймонов, ЎзА