Президент ташрифидан сўнг...
Уч юз гектарли улкан бунёдкорлик майдони. Бу ерда давом этаётган жадал қурилиш жараёни кишини ҳайратга солади. Деярли уч юзта кўп қаватли уй, бир қанча ижтимоий соҳа объектлари, савдо шохобчалари, спорт мажмуалари ва сайлгоҳларни ўз ичига олган экошаҳарни тасаввур қилинг.
Гап Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган қурилиш ҳақида бормоқда. Вилоятда бу каби катта-кичик замонавий иншоотлар мажмуалари талайгина. Бунёдкорликнинг шитоби ва сифати эса қурилиш материалларига бевосита боғлиқ.
Бешариқ туманидаги цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик лойиҳа. Унинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, мутахассислар билан суҳбатлашар эканмиз водий вилоятларида ҳам сифатли ва нисбатан арзон цементга талаб юқори эканига яна бир бор амин бўламиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида 27 июль куни ҳудуддаги ўнта янги мажмуани ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу корхоналар қаторида Бешариқдаги “Фарғона Ясин қурилиш моллари” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси томонидан ташкил этилган цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам бор эди.
Президент ташрифидан сўнг ушбу ишлаб чиқариш субъекти фаолияти билан яқиндан танишдик.

– Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизга талаб жуда юқори, – дейди корхона раҳбари Эркинжон Маҳмудов. – Корхонамизнинг дастлабки босқичи беш йил аввал ишга тушган. Ўтган даврда иш жараёнлари тўлиқ изга тушди. Ишчи-ходимлар малакасини оширишга эътибор қаратдик. Чет элдан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Президентимиз рамзий тугмани босиб, тўлиқ қувват билан ишлашимизга старт бердилар. Энди йигирма саккиз гектар ерда қиймати 200 миллион долларлик хорижий инвестиция қийматидаги лойиҳа тўлиқ ишга тушди. Яратилган умумий иш ўрни 700 таги етди. Биз тадбиркорлар фаолиятимиз давомида давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб турамиз. Бу янада самарали ишлашимизда муҳим омил саналади.
Корхонага Хитойдан кўмирда ишлайдиган энг замонавий, энергия тежовчи ускуналар келтириб ўрнатилди. Ходимлар малакасини ошириш учун чет элдан малакали технологлар жалб қилинди.
Ушбу лойиҳа жойлашган ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз. Лекин маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур хомашё – оҳактош, тупроқ кабиларнинг катта захираси мавжуд.

Бугун бу корхона йилига 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Бу рақам қурилиш саноати равнақи учун муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлаш лозим.
– Мамлакатингизда инвесторларга, тадбиркорларга катта имкониятлар яратилган, – дейди хитойлик инвестор Гуан Жонг Ву. – Бундан самарали фойдаланиш керак, деб ўйлаймиз. Бешариқ туманидаги ушбу цемент ишлаб чиқариш корхонаси тўлиқ ишга тушди. Энди янги лойиҳалар устида ишланаяпти. Корхона яқинидаги 800 гектарлик қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган кенгликларга 500 Мегаваттли қуёш электр станциясини ўрнатиш режалари кўриб чиқиляпти. Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида йилига 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга яна бир корхона ишга туширилиши режада бор.
“Фарғона Ясин қурилиш моллари” корхонасида маҳсулотларни сотиш, харидорлар ўртасида навбатларни адолатли ташкил қилишда замонавий технологиялар жорий этилди. Бунинг учун доимий харидорларга махсус пластик карталари берилган, юк олиш нуқталарига терминаллар ўрнатилди. Бу терминаллар тарози ва сотув бўлими билан маълумот алмашади. Маҳсулот олиб чиқилаётганда автомат ҳисоб фактура шакллантирилади.
Юртимизда мана шу каби йирик корхоналар сонининг ортиши нафақат қурилиш саноати ривожига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта фойда келтиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/u5gJBWYa_6g" title="Фарғонада қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар сони яна биттага ортди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА