Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада қотиллик жинояти 14 йилдан сўнг фош этилди
12:36 / 2021-11-16

Фарғонада бармоқ излари бундан 14 йил олдин содир этилган қотиллик жиноятини фош этди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилиб, судланувчи  Акрам Раҳмонов 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу дунёда ҳар нарсанинг савол, сўроғи бор. Қабиҳ жиноятга қўл урган шахснинг ҳам кун келиб, айби очилади. 1975 йилда туғилган, муқаддам икки маротаба судланган, Фарғона шаҳрида яшовчи А. Раҳмонов 2007 йилнинг 4 ноябрь куни соат 19:30 да маст ҳолда кетаётиб кўчада маҳалладоши Т. Муйдиновни кўриб қолади. Учрашув давомида у кўнгилхушлик қилишни таклиф қилади.

Икковлон “енгил табиатли” аёллар турадиган жойга келиб, марҳума М. Холбекова ҳамда Т. Пайзиева билан танишиб, дам олиб ўтириш учун уйига боришади. Уйда ўзлари билан олиб келган спиртли ичимликларни истеъмол қилгач, соат 23:00 ларда Т. Пайзиева уйига кетган. Шундан сўнг Акрам уй эгаси билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида аёлнинг уятли сўзлар билан ҳақорат қилганидан ғазабланган Акрам хонада турган DVD аппаратининг электр сими билан аёлнинг бўйнидан бўғган. Оқибатда аёл ҳушини йўқотган. Шундан сўнг у уй эгасини ўлган деб ҳисоблаб, жиноятга гувоҳ бўлган маҳалладошига бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмасликни уқтириб, хонадонда бўлган «Конедак» номли DVD ва Siemens номли телефонни яширин равишда олиб чиқиб кетган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан М. Холбекова олган тан жароҳати натижасида 2007 йилнинг 5 ноябрь куни шифохонада вафот этган.

– Ўғирланган нарсаларни уйга олиб киришдан қўрқиб, ёнимиздаги ариқ ён томонига кўмиб қўйдим. Орадан беш-олти кун ўтгач, Россияга кетдим. У ерда олти ой ишлаб қайтиб келиб, кўмиб қўйилган аппаратларни қараганимда жойида турган экан. Ишлатмоқчи бўлдим, аммо қўрқдим. Бундан ташқари, эскириб, занглаб кетган эди, бўлакларга бўлиб, лўлиларга сотдим. Ҳеч ким шубҳаланмагани учун воқеани ҳаммадан сир сақладим. Шеригимга ҳам тилига маҳкам бўлмаса, ёмон бўлишини билдириб, огоҳлантирганим учун жим юрди. Аслида уни ўлдириш ниятим бўлмаган. Фақат у нафсониятимга теггани учун ўзимни тутиб туролмадим. Қилган ишларимдан пушаймонман, — дейди судда сўз олган судланувчи.

Суд иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, А. Раҳмоновни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 169-моддаси (ўғрилик) билан айблаб, унга нисбатан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

М. Сулаймонов, ЎзА