Фарғона вилоятида прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар натижаси бўйича 10 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.
Прокуратура аралашуви билан 3 минг 604 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мослаштирилди, 33 мингдан ортиқ шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақида Фарғона вилояти прокуратураси органлари ҳайъат мажлисида маълум қилинди. Унда жорий йилнинг ўтган даврида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолият натижалари танқидий муҳокама қилинди.
Қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 2 минг 245 та тақдимномалар киритилди, қонун талабларини бузган 4 минг 263 нафар шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилишлар юзасидан 684 та жиноят ишлари қўзғатилди. Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари терговида ундирилган жами зарар миқдори қарийб 79 миллиард сўмга етди.
М.Сулаймонов, ЎзА