Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Покистон билан ҳамкорликда тиббиёт университети ташкил этилади
21:37 / 2022-01-29

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Покистон Ислом Республикасидан келган тадбиркорлар делегациясини қабул қилди.

Учрашувда Фарғона шаҳрида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигида Марказий Осиё тиббиёт университети (Central Asian Medical University) ташкил этиш билан боғлиқ масала муҳокама қилинди.

Лойиҳа ташаббускорлари вилоят раҳбарига янги университетни ташкил этиш бўйича ўз режаларини баён қилдилар. Жорий йилдаёқ дастлабки талабаларни қабул қилиши мақсад қилинган олийгоҳда илк босқичда даволаш иши, педиатрия ва стоматология йўналишлари очилади. Покистонлик тадбиркорлар университет фаолиятини йўлга қўйиш учун биринчи босқичда 2 миллион АҚШ доллари, кейинги йилда эса талабалар амалиёт ўташлари учун ўз клиникаларини ташкил этиш учун 10 миллион долларгача маблағ йўналтиришларини маълум қилишди. Талабаларга дарс бериш учун Покистон, Англия ва АҚШдан тажрибали профессор-ўқитувчилар ҳам жалб этилади.

Вилоят ҳокими ҳозирда Ўзбекистонда давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда давлат-хусусий шериклик тамойилидаги ҳамда хусусий тиббиёт тизими ҳам жадал ривожланиб бораётганини қайд этиб, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш долзарблик касб этаётганини, шу нуқтаи назардан Фарғонада хорижий таълим тажрибасига асосланган тиббиёт олийгоҳини ташкил этилиши тўла қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Учрашув якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги, Хайбер тиббиёт университети ҳамкори сифатида SANS MED International компанияси ҳамда “Meridian Diagnostic Hospital” масъулияти чекланган  жамияти ўртасида Фарғона шаҳрида Марказий Осиё тиббиёт университети ташкил этиш масаласида уч томонлама ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

М. Сулаймонов, ЎзА