Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада пиротехника воситалари яширинча олиб кириш ҳолатлари фош бўлди
10:55 / 2021-12-07

Янги йил байрами яқинлашаркан, пиротехника воситаларини пуллаб, мўмайгина даромад қилишни мақсад қилган уддабуронлар кўпаяди. Пиротехника воситаларини яширинча олиб кириш ҳамда олди-сотдиси билан шуғулланишга бўлган уринишларга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан самарали кураш олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумот асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Водил- Марғилон» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Т.С. бошқарувидаги «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси кузатувга олинди. Марғилон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина юкхонаси ва салонида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 112,8 миллион сўмлик 4 турдаги 15 минг 160 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Т. нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, дастлабки қиймати 96 миллион сўмлик 2 турдаги 168 дона пиротехника воситалари борлиги маълум бўлди.
«Водил-Янгичек» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Н.Р. бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашина тезкор кузатувга олиниб, Фарғона туманида яшовчи фуқаро Т.А.нинг яшаш хонадонига кирган вақтида ушланиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 203 миллион сўмлик 288 дона «Золотой песок» номли пиротехника воситалари аниқланди.
      Мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

М. Сулаймонов, ЎзА