Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари сайёр қабул ўтказди
07:45 / 2021-08-18

Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов томонидан ҳудуддаги аҳолининг олий ва ўрта махсус таълим масалаларидаги мурожаатларини ўрганиш бўйича сайёр қабули ташкил этилди. Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган қабулда ёшлар, ота-оналар, олий ва ўрта махсус таълими тизими ходимлари ўз муаммо ва таклифларини эркин тарзда вазир ўринбосарига очиқладилар.

Айтиш мумкинки, бугунги кун талаби ва ҳукуматимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб моҳияти биринчи ўринда халқни рози қилиш мақсадларига қаратилган. Ушбу халқни оғирини енгил қилишдай шарафли вазифа ижроси Фарғона давлат университетининг ҳам асосий мақсадига айланган. Инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, фуқаролар мурожаатларига тўғри ечимлар топиш борасида университетда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ҳамда махсус ишчи гуруҳ ҳамиша жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар билан шаффофлик асосида тўлиқ, атрофлича, холис шуғулланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг мурожаатлари билангина ишлаш эмас, балки, уларнинг маънавий оламига кириб бориш, қалбига маърифат олиб кириш, руҳиятини қийнаётган муаммони ўрганиш ва уларга ҳар томонлама кўмак бериш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади.

Дарҳақиқат, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан тортиб, ҳудудлардаги ҳар бир олий таълим муассасалари раҳбарияти, шунингдек, шахсан вазир, вазир ўринбосарлари, ректорлар томонидан режа асосида ҳар хафта ташкил этилаётган шахсий қабуллар, жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар, онлайн қабулларда фуқароларнинг барча масалалари ўз ечимини топмоқда.

Ҳозирги кунда тизимга виртуал, онлайн қабуллар орқали, ишонч телефонлари ва ижтимоий тармоқлар, махсус мурожаатлар учун ботлар, электрон почталар орқали, шунингдек вазирликка тўғридан-тўғри келиб тушаётган ҳар бир мурожаатлар муддатидан олдин Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ўрнатилган тартибда ишчи гуруҳлар томонидан муаллиф иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилмоқда ва кўп ҳолларда фуқаролар фойдасига ижобий ҳал этилмоқда.

Мурожаатлар таркибидан ўқишни кўчириш, тўлов-шартнома асосида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга имтиёзлар ажратиш, магистратура учун қўшимча қабуллар сонини ошириш, онлайн таълим тизими ва бошқа масалалар ўрин олган.

Айнан мазкур сайёр қабулда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосарига билдирилган мурожаатлар эса ўқишга кириш учун тавсияномалар масаласи, докторант ва ёш ўқитувчилар учун имтиёзли автокредитлар ажратиш, кадрларга талаб юқори бўлган айрим йўналишлар учун қабул параметрларини шакллантириш, чегара ҳудудлар абитуриентлари учун ўқишга киришда имтиёзлар яратиш каби муаммолардан иборат бўлди. Уларнинг аксарияти қаноатлантирилди, айримлари бўйича масъуллар назоратига олинди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА