Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада оғуфуруш 11 йилга қамалди
13:52 / 2022-12-21

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсонни охир-оқибат залолатга, саломатликдан айрилиш ва жиноятга етаклаши ҳаммамизга маълум. Заҳри қотилни тарқатиш, сотиш эса катта жиноят саналади.

Фарғона туманилик 27 ёшли Нодир Раҳматовнинг маҳалла-кўйда, дўст-биродарлари орасида обрўси яхши, тўй-маъракаларда ошпазлик қилиб, топиш-тутиши ҳам ёмон эмас эди. Лекин ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига топаётган даромади кўзига оз кўриндими, осон ва мўмай пул топиш йўлига ўтди.  

Фарғона туманига чегарадош бўлган Қирғизистоннинг Қадамжой туманида яшовчи танишлари орқали гиёҳванд моддаларни айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб ўтиш, “мижоз”ларга катта маблағ эвазига сотишни ўзига касб қилиб олди. Бироқ бу қилаётган иши жиноят экани, сотаётган гиёҳванд моддалари неча-неча ёшларнинг умрига зомин бўлишини хаёлига ҳам келтирмади. Шу йўсин кўп миқдорда гиёҳванд моддаларни Қирғизистондан Ўзбекистонга контрабанда қилиш ва уларни қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланиб келди.  

“Кўза кунда эмас, кунида синади”. Одатдагидек, кунларнинг бирида ўзининг “Тико” автомашинасида қўқонлик “мижоз”га “гашиш” гиёҳванд воситасини сотишни режалаштириб йўлга отланди. Шу мақсадда таниши Ш.Ғ. билан бирга “Фарғона-Водил” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётганда, “Қорасув-6” ЙПХ маскани олдида йўл патрул хизмати ходими томонидан тўхтатилди. Албатта, бу тадбир ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан уюштирилган қўлга олиш чораси эди. Буни сезган Нодир ходимларнинг тўхташ ҳақидаги ишораларига бўйсунмай, баттар тезликни оширди. Қочиб кетишни мақсад қилган Н.Раҳматов йўлнинг чап томонидаги дала майдонига рулни бурди. Бахтга қарши бу йўлнинг боши берк бўлиб чиқди.  

Автомашинани тўхтатиб, даладаги ўтлар ичига яширинишдан олдин  қора целлофанга ўралган гиёҳванд моддани улоқтиришга улгурди. Ортдан етиб келган ДХХ ходимлари томонидан жиноятчи ушланди ва улоқтирилган пакетлар далилий ашё сифатида олинди. Судга оид кимёвий экспертизада бу моддалар 445 грамм оғирликдаги таркибида “тетрагидроканнабинол” бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги тасдиқланди. Яқинда жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида ўтган очиқ суд мажлисида Нодир Раҳматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.  

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА