Фарғонада “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида байрам тадбирлари умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтказиляпти. Вилоят марказидаги санъат саройи хиёбонида ташкил этилган сайил барчага бир олам шукуҳ улашди.
Дунёда байрамлар кўп. Лекин Шарқ халқлари нишонлайдиган Наврўз – баҳорнинг кириб келишига асосланган шодиёна борки, у ҳар биримизнинг қалбимизда жўш урадиган туйғулар, оламнинг янгиланиши, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ. Зеро, кечагина қуруқ ўтиндек тасаввур уйғотган дарахт шохларида тўлғоқланган куртаклар, борлиққа яшиллик тусини беришга чоғланган майса-ю ўт-ўланлар, Яратганнинг мўъжизаси ила соат сайин оламга турфа ранг бахш этиб очилаётган дарахт гуллари ҳайратланарли эмасми?!
Қурт-қумурсқадан тортиб жониворлар, буталару қир-адирлар ҳаётбахш эпкин нафасини туяди, томирларда интилувчанлик, ғайрат-шижоат туғёнга келади...
Наврўзнинг тириклик, янгиланиш айёми эканлиги ана шуларда намоён бўлади, назаримда. Шунинг учун ҳам бу байрамни ёшу қари бирдек яхши кўради, интиқиб кутади.
Шу кунларда юртимизда баҳор, янгиланиш ва яшариш фасли – Наврўз байрами шодиёналари давом этмоқда. Сумалагу кўк сомсалар ифори оламни тутган. Юзларда шодиёналик, ҳаракатларда хурсандлик зоҳир бўлади. Кайвони момоларнинг, нуронийларнинг-да кўзлари яшнаб кетади бу кунларда. Қуёшнинг заррин нурларига тик боқолмаганиданми, ҳаё-ибоданми, қалблардаги инжа туйғулар инъикосими – бўй қизларнинг нигоҳи замин узра кезади, изланади... Кўкка интилган варрак ортидан чопишга тушган болакай юраги-да самога ошиқади. Ҳа, жаннатмакон юртимизнинг мусаффо осмонида варраклар учаверсин, қалдирғочлар қанот қоқаверсин!
[gallery-16501]
Дилларга нур олиб киргувчи, қалбларни ёритгувчи ушбу байрам Фарғонада ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Чекка туман ва қишлоқларда ҳам байрам кайфияти ҳукмрон.
Фарғона шаҳридаги вилоят байрам шодиёнаси, концерт дастури барчага манзур бўлди. Барча шаҳар ва туманлардан келган уста-ҳунармандлар, миришкор деҳқонлар, тадбиркорларнинг сара маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилинди. Миллий маданий марказлар, фольклор дасталари, маданият уйлари ходимларининг чиқишлари, лапару алёрлари кўнгилларга илиқлик бахш этди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барчани Наврўзи олам билан қутлади.
Театрлаштирилган байрам дастури дилларга завқу шавқ бағишлади. Наврўз тантаналарида баҳорни, она Ватанни, тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар рақсларга уланди. Миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни ўзида мужассам этган саҳна асарлари байрамга ўзгача файз киритди.
Байрам муносабати билан вилоятнинг барча ҳудудларида халқ сайиллари, аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркалари давом этмоқда.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА мухбирлари