Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройи бугун эрталабдан фарғоналиклар ва меҳмонларни ўз бағрига чорлади. Муаззам очиқ майдонда Наврўз байрамининг асосий тантаналари сайил тарзида шоду хуррамлик билан нишонланмоқда
Халқимиз доимо Наврўзни орзиқиб кутади. У дилларга хушнудлик улашади, боқий қадриятларни намоён этади. Вилоятда байрамни кўтаринки руҳда нишонлашга пухта тайёргарлик кўрилди. Шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш ва эзгулик, қадр-қиммат айёми!” шиори остида сайиллар бўлиб ўтмоқда.
Вилоят марказидаги шодиёналарнинг шукуҳи янада ўзгача. Сайилга чиққанларнинг юз кўзларидан байрам кайфиятини ҳис этасиз. Атрофга ҳам шунга монанд безатилган. Наврўз айёми тантанасида шаҳар туманлар, бошқарма, корхона ва ташкилотлари, муассаса ва маҳаллалар ўзига хос байрамона, баҳорий декорациялар ва саҳналар тайёрлашди. Унда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари акс этган.
[gallery-6252]
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров байрам шодиёналарида иштирок этди. Сайилга чиққанлар билан суҳбатлашиб, барчани янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрами билан табриклади.
-Невараларимни олиб, байрамга келдик,-дейди Сўх туманилик Ҳабибулло Додаев.-Наврўзи оламни интиқ кутмаган киши бўлмаса керак. Сайил тарзида нишонланаётган айём жуда манзур бўлди. Баҳор таомлари тортиқ қилиняпти, миллий ўйинлар намойиш этилмоқда. Байрам дастури жуда ёқди. Наврўз табиат уйғонишининг тимсоли, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисми сифатида ҳам катта шодиёнадир.
Эл суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастури барчага манзур бўлди, спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари, дор ва миллий ўйинлар мусобақалари, халқ амалий санъати – фольклор намуналари, бир-биридан мазали миллий таомлар танловлари ўтказилди. Кўтаринки руҳда ўтказилаётган сайиллар саховатли заминимизнинг бебаҳо неъматларга бойлиги, меҳнаткаш халқимизнинг юксак маънавияти, гўзал фазилатлари, бир-бирига меҳр-оқибатини яна бир бор намоён қилмоқда.
Шу каби сайиллар Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний номли маданият ва истироҳат боғида ҳамда “Кимёгарлар” истироҳат боғида ҳам бўлиб ўтмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат