Фарғона вилояти Риштон туманида пиллачиликнинг муҳим тармоғини ривожлантириш, яъни тут кўчатлари экиш, мавжуд тутзорлардан самарали фойдаланиш орқали ҳосилдорликни ошириш, ипак қурти парваришлашга ҳозирлик кўриш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Иқтисодиётнинг юксалишида пиллачилик алоҳида ўрин эгаллайди. Кейинги йилларда соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар табиий ипакдан юқори қийматга эга бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш ва кўплаб иш ўринлари яратиш имкониятини бермоқда.

–Ипак қурти парваришлашда бирламчи бўғин озуқа базаси катта аҳамиятга эга, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. – Экилган тут кўчатларини парваришлаш, илғор пиллакорларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш, манфаатдорлигини ошириш, иш тажрибаларни оммалаштириш зарур. Жойларда намунали туп плантациялари фаолиятини йўлга қўйиш, арзон ва сифатли тут кўчатлари етиштириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бугунги куннинг муҳим амалларидан. Соҳада амалий иш олиб борган ҳар бир тут плантация раҳбарлари, кластерларни рағбатлантириш тизими жорий этилади.
Семинарда тут плантациялари оралиқларида аҳоли эҳтиёжи учун керакли бўлган сабзавот экинлари етиштиришга бўлган эътиборни янада ошириш таъкидлаб ўтилди.

–Президентимизнинг 2020 йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, салмоғини ошириш имкониятини бермоқда, – дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсуджон Қосимов. – Вилоятимизда қарийб 4 минг гектарга яқин тутзорлар бўлиб, ҳар йили уларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бундан ташқари, маҳаллий иқлим ва ер шароитимизга мос бўлган ҳосилдор янги тут навларини кўпайтириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилда пиллачилик кластерлари томонидан қайта ишланган ипак хом ашёси 9 миллион 254 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди. Шунингдек, вилоятдаги пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 249 тонна хом ипак, 154,9 тонна ипак момиғи, 536,5 минг погонометр ипак мато, 340 дона ипак гиламлари тўқилди. Бу йил эса режаларимиз янада катта.
Семинарда пилла етиштирувчи фермер хўжаликлари ва касаначилар ўртасидаги шартнома шартларини янада мустаҳкамлаш, манфаатдорликни ошириш, мавсумга ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш борасида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА