Азалдан маданият ва санъат, адабиёт ва маърифатнинг маёғини баланд тутиб, ўз кайфияти, орзу-мақсадлари, ёруғ истиқболга бўлган ишончини баралла куйлаб келган фарғоналиклар айни кунларда катта маънавият байрамини нишонламоқда.
Фарғонага улкан маънавият карвони бўлиб ташриф буюрган 250 дан зиёд санъаткорлар, маданият ва адабиёт намояндалари, эл ардоғидаги шоир ва ёзувчилар белгиланган режа асосида ҳар бир туман-шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларда халқ билан самимий руҳдаги учрашувларни ўтказишга, одамлар билан бугунги инсонпарвар ислоҳотларнинг амалий натижалари ҳақида дилдан суҳбатлашишга киришишди.
Маънавият ва маърифат байрами меҳмонларнинг Фарғона шаҳридаги “Саховат” уйига ташрифидан бошланди. Бу эса мазкур тарғибот тадбирларининг чиндан ҳам инсон қадри улуғланган юрт ислоҳотларига ҳамоҳанг эканлигини кўрсатади. Таъкидлаш керакки, вилоятнинг 1 минг 62 та маҳалла фуқаролар йиғини кесимида ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар Янги Ўзбекистон билан ҳамнафас қадам ташлаётган фарғоналиклар кутган ва соғинган тадбирларни ўз ичига олган.
Бугун Фарғона шаҳридаги “Янгисой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирга барча маҳалла аҳли, ёшу-қари жам бўлди. Нафақат машҳур, балки эл учун ибрат бўлган таниқли инсонларнинг халқ билан ёнма-ён суҳбатда бўлиши, кўтаринки руҳдаги фикр-мулоҳазалар, дилбар куй-қўшиқлар, юртдошларимиз қалбига шукроналик ва юксак ислоҳотлардан миннатдорлик туйғуларини олиб кирувчи ижод намуналари барчани бирдай тўлқинлантирди.
– Фарғона, деганда кўз олдимизга ҳамиша маънавият ва маърифат қадрини баланд билган фидойи одамлар келади. Фарғоналик ватандошларимиз билан бугундан бошланган самимий учрашувларимиз уларнинг эзгу ишларига янада шижоат, яхши кайфият бахш этишига ишонамиз, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов. – Бир ҳафта давомида уларни китобхонлик, санъатсеварликка ундовчи лойиҳалар, шунингдек, инсонпарварликни кўзда тутган тадбирлар кутмоқда, биз ҳам азиз фарғоналикларнинг ёниқ юз-кўзидан, самимиятидан, меҳридан катта куч оламиз, албатта.
– Фарғоналиклар билан учрашувга, дейилса, ҳар доим қанот қоқиб, дилдан ошиқиб келаман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов. – Бугун кўҳна ва навқирон Марғилон одамлари билан дийдор насиб этганидан хурсандман. Бундай азиз эл одамларининг ҳаётга муҳаббати, меҳнатсеварлиги, меҳмондўстлиги ва албатта ватанпарварлигига кўз тегмасин, дейман.
[gallery-7338]
Мазкур тантаналар доирасида маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган оилаларнинг ҳолидан хабар олиниши, умуман, чекка-чекка ҳудудларга ҳам бугунги дориламон кунлар шукуҳининг олиб кирилиши мақсад қилинган. “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар фарғоналиклар учун чинакам маънавият тантаналарига айланади ва юртдошларимизнинг юксак истиқболга бўлган ишончи, тинч ҳамда фаровон ҳаётга бўлган шукроналик кайфиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат) ЎзА.