Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада мактабгача таълимга қамров 83 фоизга етди
16:38 / 2021-12-29

Якунига етиб бораётган йилда Фарғона вилоятида 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси янада кенгайиб, 83 фоизга етди. Бу соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалдаги самарасидир.

Мамлакатимизда мактабгача таълим давлат таълим тизимининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бугунги кунда ҳар бир бола учун мактабгача таълим ва тарбия олиш имкониятини яратиш, болада илмга иштиёқни ошириш, жисмоний ва ақлий фаолиятини ривожлантиришда тенгликни таъминлаш ишларига миллий тараққиётимизнинг устувор омили сифатида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида 2017-2021 йилларда соҳада қамров жиҳатидан мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Мисол учун, вилоятда давлат ва нодавлат МТТлари сони 2017 йилда бор- йўғи 642 та, қамров эса 37,3 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 3 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Боғча ёшидаги болаларнинг қамрови кескин ошди.

–Баркамол авлодни тарбиялашда мактабгача таълим бўғини катта аҳамиятга эга, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдузхон Хўжаева. – Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида вилоятда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда жажжи болажонларни мактабгача таълим масканларига қамраб олиш асосий вазифа сифатида белгиланган. Вилоятда енгил конструкцияли йўлдош контейнер бинолар қуришга алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу мақсадда вилоят ҳокими фармойиши асосида дастлаб контейнер бинолар қуриш учун тизим ишлаб чиқилди. Биринчи босқичда 2760 ўринли 30 та енгил конструкцияли йўлдош бинолар барпо этилди. Иккинчи босқичда яна 2700 ўринли 30 та енгил конструкцияли мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш белгиланган.

Мазкур боғчалар тармоғини кенгайтириш бўйича 3-босқичда яна 30 та қўшимча 2700 ўринли янги қувватлар яратиш ҳам белгиланган. Бундай енгил типдаги қўшимча гуруҳ хоналар энг кўп навбатда турган боғчалар ҳудудларига қурилди ва бу бир кунда 100 га яқин болаларни барча замонавий шароитларга эга гуруҳ хоналарга қамраб олиш имкониятини яратди. Вилоятда 89 та давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилгани бугун ўз самарасини бермоқда. Фарғона туманидаги «Илғор» массивида намунавий лойиҳалар асосида янги уйлар қурилиб, юзлаб оилалар кўчиб ўтди. Албатта, бу ерда боғча ташкил этиш кун тартибидан ўрин олган эди. «Шоҳида Музаффар юксалиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган йилда давлат-хусусий шериклик асосида 3 миллиард 180 миллион сўм эвазига мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди.

[gallery-5283]

– Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларида рақобат жуда кучайди, –дейди тадбиркор Муножатхон Расулова. – Ота-оналар фарзандларини ўзларига мақбул бўлган боғчага бермоқда. Шунинг учун ҳам биз ташкил этган «Келажак авлод» мактабгача таълим ташкилоти энг илғор иш услубларидан андоза олган ҳолда фаолият юритмоқда. Замонавий боғча 150 нафар болажонни ўз бағрига олди. Рус, инглиз тилидан дастлабки сабоқлар берилаётгани уларнинг ота-оналарини ҳам мамнун этмоқда.

Шунингдек, бу ерда тиббий хизмат сифатли йўлга қўйилган ва жисмоний чиниқтирувчи спорт машғулотлари ҳам ташкил этилган. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тизимни ривожлантириш борасида белгиланган бешта параметрлар бўйича Фарғона вилояти жорий йилда юқори ўринни эгаллади.

 

М. Сулаймонов,

М. Қодиров (сурат),  ЎзА