French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада мактаб ўқитувчиси 1-синфга ўқишга киритиш учун 800 доллар пора олди
19:15 / 2022-01-18

Ўқитувчилик дунёдаги энг шарафли касб, шу боис уларни ҳамиша қадрлаймиз. Устоз сифатида эҳтиром кўрсатамиз, берган сабоқларини унутмаймиз. Афсуски, орамизда ана шу табаррук номга доғ тушираётганлар ҳам бор. Фарғона шаҳар 21-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Жамшид Андапўлатов шулардан бири бўлиб, муқаддам икки марта судланган. У ҳалол меҳнат қилиб, ўқувчиларига ибрат бўлиш ўрнига фирибгарлик йўлини афзал билди.

Мактаб муқаддас даргоҳ саналади. Шу боис бу ерда ишлашнинг ўзи масъулият юклайди. У ана шу жойда ишлаб, осонгина пул топишни ўйлай бошлади. 2021 йил 9 август куни Д.Деревянкинанинг ишончига кириб, унинг набираси Х.Назирова ҳамда тарбияланувчиси М.Собиров ва бошқаларни ўзи ишлаб келаётган мактабнинг 1-синфига директор ўринбосари орқали ўқишга киритиб қўйишга ваъда беради. Бунинг эвазига эса 800 АҚШ доллари сўрайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ж.Андапўлатов алдов йўли билан 800 АҚШ долларини Қиргули мавзесидаги “Илтифот” ресторани биноси олдида олган вақтида ушланган ва ушбу пуллар ундан холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.

Мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Ж.Андапўлатов Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида айбли деб топилиб, 2 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унга нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан қамоққа олинди.

Қонун барча учун баробар. Аммо ўқитувчининг жиноят содир этиши, хусусан, фирибгарликка қўл уриши ташвишланарлидир. Таълим соҳасининг масъуллари бундай ишлардан огоҳ бўлиши, коррупция ва тамагирликларнинг олдини олиши керак.

Маҳкамжон Абдубаннапов,

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси