Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Кореянинг илғор қурилиш технологиялари асосида уй-жойлар қурилади
11:15 / 2022-03-10

“Hanshin Engineering & Construction Co Ltd.” компанияси томонидан Қўқон шаҳрида Корея сифати ва технологиялари асосида 5000 хонадонли К-Town турар-жой мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган.

Жанубий Кореяда сафарда бўлиб турган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Сежонг шаҳрида ушбу компания томонидан қурилган объектларни бориб кўрди. “Hanshin” компанияси томонидан Кореянинг маъмурий пойтахти Сежонг ҳудудида жами 12,5 минг та хонадондан иборат 13 та турар-жой мажмуаси лойиҳаси амалга оширилиб, улардан 11 таси фойдаланишга топширилган. Ҳар бир мажмуада 20 қаватдан 50 қаватгача бўлган кўп қаватли уйлар энг илғор қурилиш стандартлари асосида, “яшил макон” тамойиллари ва аҳоли эҳтиёжлари тўла инобатга олинган ҳолда қуриб битказилган.

Мажмуаларни лойиҳалашда уларнинг ҳар биридан болалар ва спорт майдончалари, сайр йўлакчалари, дам олиш ҳудудлари, яшил майдонлар, велосипедлар сақлаш жойлари, ерости автотураргоҳлар, замонавий чиқинди қутилари ўрин олгани, янги қуриб битказилган мажмуалар ҳудудига кўп йиллик дарахтлар олиб келиб ўтқазилгани эътиборга лойиқ. Яшаш учун тайёр ҳолатда уй эгаларига тақдим этилган хонадонлар 59, 84 ҳамда 115 квадрат метр майдондан иборат бўлиб, ҳар бирида турмуш учун керакли энг кичик жиҳатлар ҳам ҳисоб қилинган. Оддий хонадонда ҳам ётоқхона, меҳмонхона, болалар хонаси, иккита санузел, кирхона, гардероб хоналари, ошхона, кичик балкон бор.

“Hanshin” компанияси раҳбари Чой Мун Кю вилоят ҳокимига Қўқонда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳада нафақат Сежонгдаги мажмуаларга татбиқ этилган ҳар бир стандарт ўрин олишини, балки яшовчилар учун янада кўпроқ қулайликларни кўзда тутилишини маълум қилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда “Hanshin Engineering & Construction Co Ltd.” компанияси ўртасида  ҳамкорлик йўлга қўйилиб, Қўқон шаҳрида  илғор технологиялар асосида турар-жой мажмуаси бунёд этилади.

М.Сулаймонов, ЎзА