Ўзбекистон фермерлар кенгашида Корея атроф-муҳит ўзгариши институти вице-президенти Гар Чеол Ким билан бўлган учрашув бўлиб ўтди.
Унда юртимизда жаҳон стандартларига мувофиқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу асосда энергетика соҳасида устунлик қилувчи энергия ресурсларининг инновацион манбаларини яратиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Юртингиз мулкдорлари билан ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор. Бу борада бизнинг ўзига хос таклифимиз мавжуд, – дейди Корея атроф-муҳит ўзгариши институти вице-президенти Janob Yongwon SHIN. – Шунинг учун Кореянинг KICC молиявий кўмак берувчи донор ташкилоти лойиҳасини сизларга тарклиф қилаяпмиз. Бунда ғўзапоя, кунгабоқар пояси, маккапоя каби ёнувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чиқиндиларидан кўмир брикетидан кам бўлмаган ёнувчи брикетлар тайёрлаш мумкин. Бу маҳсулотни табиатга зарар етказмасдан кўп миқдорда тайёрлаш ва ҳатто кўмир ўрнида экспорт қилиш мумкин.
Экологик тоза энергия ишлаб чиқаришга қаратилган ушбу лойиҳа ўн йилга мўлжалланган бўлиб, 2027 йилда Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишга тушади. Дастлаб ғўзапоядан кунига 50 тонна биоэнергия яъни брикет ишлаб чиқариш, сўнгра жараёнларни янада кенгайтириш кўзда тутилган. Жараёнларда 100 ортиқ иш ўрни яратиш ҳам мўлжалланмоқда.
Учрашув якунида ушбу лойиҳани ҳудудларга татбиқ этиш учун тегишли ҳудудларни танлаш, жойига бориб ўрганиш борасида келишиб олинди.
Биринчи босқичда умумий қиймати 3 миллион доллар бўлган “bio-pellet” брикетларини ишлаб чиқариш, иккинчи босқичда қарийб 100 миллион доллар қийматидаги маҳсулот асосида энергия ишлаб чиқариш тизими ташкил этилади. Ушбу энергия манбаи нафақат Фурқат тумани, балки Фарғона вилоятининг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олиши юзасидан Меморандум имзоланди.
ЎзА