“Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” Фарғона вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.
Ҳафталик доирасида тиббиёт тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган, кўплаб ёшларга устоз бўлган фахрий шифокорлар билан учрашув ташкил этилди.
Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали мажлислар залида ўтказилган маросимда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул вакиллари, соҳа ходимлари, шифокорлар ва ҳамширалар иштирок этди.
Тадбирда фахрийларнинг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллиги эътироф этилди. Устозларнинг бой тажрибалари ёшларга ўрнак сифатида тилга олинди.
[gallery-4195]
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг даволаш-профилактика, соғломлаштириш ишларини ташкил этиш бўлими бош мутахассиси Камол Қорабоев II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган эди. Маросимда ушбу мукофот ўз эгасига тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, фахрийлардан бир гуруҳи бошқарма ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг вилоят Кенгаши эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Инсон манфаатларини олий ўринга қўйиш ҳамда кексалар дуосини олиш ҳар биримиз учун катта бахт. Шундай экан кексаларимиз доимо бизнинг эътиборимизда бўлиб қолаверади.
“Кексалар ҳафталиги” вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА