Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада ишлаб чиқарилган кафеллар дунё бозорида (+видео)
18:15 / 2025-10-31

Қўқон эркин иқтисодий зонаси мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар мевасидир. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган. Бугунга келиб “Қўқон” ЭИЗ си жами 5 та ҳудуддан иборат бўлиб, 877,0 гектар майдонда жойлашган. Унга умумий қиймати 1 млрд. 74 млн. АҚШ доллари ёки 12 трлн. 542 млрд.сўм бўлган 149 та йирик инвестиция лойиҳаси жойлаштирилди.

Жорий йилнинг 9 ойида бу ердаги саноат корхоналари томонидан умумий қиймати 2 трлн. 964 млрд. сўмлик маҳсулотлар  ишлаб чиқарилди, 106,9 млн. АҚШ доллари миқдоридагиси экспорт қилинди.

Жумладан, 2025 йил якунига қадар умумий қиймати 227,7 млн.АҚШ доллари ёки 2 трлн. 914 млрд. сўм  миқдоридаги 18 та йирик саноат лойиҳаси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, қўшимча 2430 нафар янги иш ўрни яратилиши таъминланади.

Шу йилнинг 9 ойида қиймати 174,1 млн.доллар бўлган 14 та саноат корхонаси фойдаланишга топширилган эди. Кафел ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Yong xin ceramics” корхонаси уларнинг биридир.  

37 гектар майдонда жойлашган бу корхонани Ўрта Осиёнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири дейишади. Унда юздан зиёд турдаги ранг, дизайнда сифатли қурилиш материал-кафеллар етказиб берилмоқда.

– Корхонамизда 600 нафар ишчи- ходим ишлайди. Бундан ташқари, 100 дан ортиқ хитойлик мутахассислар иш олиб боришяпти, – дейди иш юритувчи Азизхон Абдусаломов. –Кунига 6000 квадрат метр кафел маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Қозоғистон, Қирғизистон, Россия каби давлатларга экспорт қиламиз.

Завод технологияси юз фоиз Хитойдан келтирилган бўлиб, турдош корхоналардаги линияларга нисбатан маҳсулот сифати, ишлаб чиқариш қуввати ва турлари жиҳатидан у энг сўнгги ютуқлар мужассамлангани ҳамда самарадоридир. Дарвоқе, у хитойлик тадбиркорларнинг 90 млн доллар тўғридан-тўғри инвестицияси асосида қурилган хорижий корхона. Кафелга ишлов бериш ва пишириш конверининг узунлиги 800 метр экани у қанчалар қувватга эгалигини кўрсатади.

“Yong xin ceramics” қисқа вақт ичида дунё кафел бозорига кириб олди ва ундан муносиб жой топди. Ҳозир унинг маҳсулотлари нафақат ички бозор, балки ўнлаб хорижий давлатларга юборилмоқда. Очиқ осмон остидаги улкан омбор майдони ҳар куни кечга бориб бўшаб қоляпти.

– Кафел маҳсулотимизга талаблар кўпайиб бормоқда. Ҳар куни 15-20 та хорижлик ҳамкоримиз билан шартнома қиляпмиз. Шу кунларда эҳтиёждан келиб чиқиб 60х300 см бўлган кафел маҳсулотларини йўлга қўймоқчимиз.

Фарғона вилоятининг Фарғона, Қувасой шаҳарларида кафел ишлаб чиқарувчи 3 та корхона илгарироқ қурилган эди. Аммо Фарғонада қурилишларнинг кўпайиб бораётгани, экспорт кескин ошиб кетгани натижасида “Yong xin ceramics” яна янги қувватларни яратмоқчи. Корхона иш юритувчиси Азизхон Абдусаломов юқорида таъкидлаганидек, энди бозорда ҳалигача учрамаган 60х300 см ўлчамли зарланган кибор кафеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқчи.

Фарғона вилояти саноатида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш етакчи бўлса, яқин кунларда кафел ишлаб чиқариш қурилиш материаллари орасида етакчига айланиши кутилмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/eQteezY6ZDA" title="Farg`onada ishlab chiqarilgan kafellar dunyo bozorida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА