Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Фарғонада ишлаб чиқарилган” бренди ўз харидорларини топмоқда
09:16 / 2021-08-24

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонлар қатлами мустаҳкам оёққа туриб, ривож топиши учун қулай шароит яратиб берилди.

Айниқса, кейинги беш йилда Президентимиз биз тадбиркорларга кўмакдош бўлиб, барча шароитларни яратиб бераётгани эътиборга моликдир.  

Фарғона вилояти узумчиликда ҳам катта мактабга эга. Узумнинг саноатбоп навларини кўпайтириш, қайта ишлаш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш каби муҳим жиҳатларга кейинги йилларда катта эътибор қаратиляпти.  “Ferghana France” масъулияти чекланган жамияти бу йўналишда янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

–Корхонамиз тасарруфидаги 500 гектардан зиёд узум плантацияларида дунёнинг турли қитъалари – Франция, Испания, Грузия, Озарбайжон давлатларидан келтирилган энг ноёб узум навлари парваришланмоқда, –дейди жамият раҳбари Азизбек Комилжонов. –Узумдан тайёрланган 20 турдан ортиқ маҳсулотлар Болтиқбўйи, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Хитой мамлакатларига экспорт қилиняпти. 2020 йили 300 минг евролик маҳсулот экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг олти ойида экспорт ҳажми 270 минг еврони ташкил этди.  

Энг замонавий шарт-шароитлар яратилган узумчилик мажмуасида экотуризм ҳам жадал ривожланяпти. Селекция ишларини жадаллаштириш, интенсив усулда кўчат етиштириш ва парваришлаш, жаҳон бозорида харидоргир данаксиз узум навларини кўпайтириш ҳамда қайта ишлаш саноатига янги технологияларни жорий этиш, ёзги ва қишки экотуризм маршрутларини янада кенгайтириш мақсадида чора-тадбирлар белгиланди.

Шу мақсадда эндиликда давлатимиз томонидан узум плантациялари учун субсидиялар ажратилаётгани, янги токзорлар барпо этиш, эски боғ ва узумзорларни янгилаш тизими яратилаётгани катта имконият бўлди. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, ҳосилдорлиги паст бўлган ташландиқ ерларда токзорлар барпо этаётган тадбиркорлар учун бундай имтиёзлар жуда ҳам зарур.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучларидан бирига айланиб бормоқда. Юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга берилаётган турли имтиёзлар уларга нафақат ички бозорга, балки жаҳон бозорига дадил кириб бориши учун кенг йўл очаяпти. Бугун жаҳон бозорида майиз ва табиий вино маҳсулотлари жуда ҳам харидоргир. Айни жиҳатларни инобатга олиб, мазкур корхона фаолиятини илғор тенденциялар асосида ривожлантириш, янги токзорлар барпо этиш, маҳсулот турларини кенгайтириш, экотуризм салоҳиятини юксалтириш учун истиқболли бизнес-режалар ишлаб чиқишни мақсад қилган.

М. Сулаймонов, ЎзА