Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада илк бор икки нафар беморда аорта-коронар шунтлаш операцияси ўтказилди
18:25 / 2022-03-26

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилиб келинмоқда.

Юрак соҳасидаги жарроҳлик амалиётлари ўта мураккаб ва анчайин хавфли. Кейинги пайтларда нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тажрибали мутахассислар кўмагида кардиохирургия соҳасида ана шундай ноёб жараёнларнинг йўлга қўйилаётгани беморлар ҳаётини сақлаш қолишда катта ўрин тутмоқда. Хусусан, мазкур филиалда илк бор икки нафар беморда аорта-коронар шунтлаш операцияси ўтказилди.

Мамлакатимиз тиббиёт соҳасида янги технологиялардан самарали фойдаланиш, илғор тажрибаларни татбиқ этишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилояти аҳолисига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини яхшилаш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали жамоаси томонидан ўтган йил ва ҳозирга қадар 12 хил турдан ортиқ замонавий кам инвазив, юқори технологияли оператив даволаш усуллари амалиётга жорий қилинди.

-Фарғона вилоятида шошилинч тез тиббий ёрдам хизматига 2021 йилда 8 минг 356 нафар беморлар юрак ишемик касаллиги билан мурожаат қилган, -дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали директори Абдуқаюм Тўхтақулов. -Шулардан 1 минг 400 нафарига ўткир миокард инфаркти диагнози қўйилиб, стационар даволанган. Миокард инфарктидан филиалимизда 45 нафар беморларда ўлим ҳолати кузатилган бўлса, субфилиалларда 175 нафар беморлар вафот этган. Бундай тоифадаги беморларда ўлим кўрсаткичи ва ногиронлик юқори бўлганлиги учун филиалда юрак ишемик касаллиги билан хасталанган беморларни кардиохирургик операция усуллари билан даволашни амалга ошириш босқичма–босқич йўлга қўйилмоқда.

Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан маҳаллий бюджетдан 5,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 1 дона сунъий қон айланиш аппарати, 2 дона оператив лопараскопия жамламаси ва бошқа зарур тиббий асбоб-ускуналар жиҳозлар олинди. Филиалнинг 8 нафар врачлари Россия Федерациясининг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий марказида малака оширди. Улар кардиохирургия соҳасида илғор технологиялар ва жарроҳлик амалиётларини ўрганиб, бу ерда ҳам татбиқ этишмоқда.

Биринчи мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан Абдусалом Абдураҳмонов бошчилигидаги етакчи кардиохирург мутахассислар жалб этилиб, улар билан ҳамкорликда 2 нафар беморда аорта-коронар шунтлаш операцияси ўтказилди. Уларнинг аҳволи бугунги кунда яхши. Яна бир нафар бемор операцияга тайёрланиш босқичида турибди. 22 нафар беморлар амбулатор кўрилиб, тегишли тавсиялар берилмоқда.
 

М.Сулаймонов, ЎзА