2024 йилнинг 13 декабрь санаси мамлакатимиз энергетика соҳасидаги тарихий кунга айланди: Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди ҳамда Бешариқ туманида қуввати 500 мегаватт қуёш фото электр станциясини қуриш лойиҳасига старт берилди. Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида вилоятимизда барпо этилган, қуввати 300 мегаваттли йирик электр энергиясини сақлаш тизимининг ишга туширилиши ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт берилиши қалбларимизни қувончга тўлдирди, эртанги кунга бўлган ишончимизни оширди. Чунки ҳеч биримизга сир эмас, яқин пайтларгача хонадонларимизда чироқ ўчиши одат тусига кириб қолганди. Чекка қишлоқларда чироқ ёнса кунда бир соат ёнар, кўп ҳолларда ҳафталаб ўчарди. Одамлар қишлоқлардан қочиб, катта шаҳарларга кўчиб ўтар, қолганлари ҳам бизнинг қишлоғимизга эътибор қаратилармикан, деган ўйда юрарди. Аслида, бу манзара ҳатто шаҳарларга бегона эмасди. Шукрки, бу ҳолатлар барҳам топиб бормоқда. Янги электр қувватларининг ишга туширилиши юртимизда инсон қадрининг улуғланаётгани, ислоҳотлар инсонни рози қилиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, унинг бирламчи ҳуқуқларини ҳимояга қилишга қаратилганининг исботидир.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Хитойнинг “Чайна Энержи” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон туманида электр энергияси сақлаш тизими қурилиши лойиҳасига старт берган эди. Қисқа фурсат ичида Марказий Осиёда ягона бўлган электр энергиясини сақлаш иншооти Хитой Халқ Республикасининг “China Gezhouba Group Overseas Investmen Co.Ltd” компанияси ва маҳаллий ҳамкорлар томонидан тўғридан-тўғри 144 миллион долларлик хорижий инвестиция киритиш ҳисобига барпо этилди. Бу ерда электр энергиясини сақловчи, ҳар бирининг қуввати 2 МВт бўлган 193 та батареялар ўрнатилди.

Фарғона вилоятида қурилган электр энергия сақлаш тизими ўзга хослиги билан ажралиб туради. Янги лойиҳа электр манбаига эҳтиёж камайган кундуз ва тунги пайтларда электр тармоғига уланиб, истеъмолдан ортиб қолган электр қувватини ”омбор”га йиғади ва зарур бўлганда ўша “омбор”дан яна қайта тармоққа етказиб беради. Электр энергиясини батареяда сақлаш, айниқса, қишда қўл келади.
Кундузи юклама паст бўлган вақтда тизимни қувватлантириш, юклама юқори бўлганда уни бўшатиб, тизимдаги балансни сақлашга ёрдам беради. Бу унинг асосий функцияларидан бири. Ҳисоб-китоб учун кунлик ўртача истеъмол 6 киловатт соат деб олсак, батарея сақлаш тизими кунига икки марта ишлаган ҳолда кунига 100 мингдан ортиқ хонадонни электр энергия билан таъминлай олади. Бу жуда катта кўрсаткич. Шунингдек, турли ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам электр энергияни узлуксиз етказиб бера олади.
Эътиборлиси, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги ўзлаштирилмаган қир адирликда Марказий Осиёда ягона бўлган электр энергиясини сақлаш тизими қуриб битказилди. Хитойлик сармоядорлар томонидан лойиҳага 144 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти барча шарт-шароитларни яратиб берди. Мазкур лойиҳа халқ фаровонлигига, халқимизнинг розилигига эришиш йўлидаги хайрли ишларга хизмат қилади, шунинг учун ҳам халқимиз узлуксиз электр қуввати билан таъминлашга ёрдам берадиган Президентимиз ташаббусларидан хурсанд.

Ўн икки гектар майдонга Хитойдан келтирилган замонавий батареялар ўрнатилган ушбу иншоот Марказий Осиёдаги энг йирик энергия сақлаш тизимига эга ҳамда сўнгги техника ва технологияларни жамлагани билан ажралиб туради. Аккумулятор станция қурилишининг асосий сабабларидан биттаси шу бўлдики, қувват йўқолганда мана шу аккумулятор станцияси томонидан ижтимоий соҳа объектлари биринчи категория истеъмолчиларни қувват билан таъминлаб тура олади. Шунингдек, турли ноқулай об ҳаво шароитларида ҳам электр энергиясини узлуксиз етказиб бера олади.

Ишни тўғри ташкил қилиш ва белгиланган муддатда сифатли бажариш мақсадида дунёнинг ривожланган давлатлари ҳамда юртимизнинг малакали мутахассислари жалб этилди. Лойиҳамизни жуда қисқа муддатда амалга оширдик. Лойиҳада Ўзбекистон томонидан бизнинг “VIVA Constructions” компаниямиз вакиллари ва малакали мутахассислар ҳам фаол иштирок этди. Фарғона вилоятида қурилган ушбу лойиҳа халқаро атама билан BESS деб номланади. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган BESS лойиҳасида 2024 йилнинг апрел ойидан бошлаб "VIVA Constructions" компанияси ҳам фаол иштирок этди. Компаниямиз томонидан лойиҳа учун қурилиш майдони нуқталарини белгилаб олишдаги барча геодезик ишлар амалга оширилди. Геодезик ўлчовлардан келиб чиқиб, тоғ ён бағридаги унумсиз қирлик майдонининг 12 гектар ҳудудида қурилиш майдони белгиланди. Ушбу қурилиш майдонида 46 минг куб ерни қазиш, тупроқларни ташиш, текислаш ишлари бажарилди. BESS қурилиш майдони билан магистрал йўлгача бўлган 4,5 км. адирли жойлардан энига 6 метрли 150 тоннали махсус техникалар юришига мўлжалланган йўл барпо қилинди. BESS лойиҳаси учун 10 минг куб ҳар хил мақсаддаги бетон қуюв ишлари бажарилди. BESS лойиҳасида 193 та ҳар бири (28 тонна) 2 МВт дан иборат электр энергиясини тўплайдиган батареялар, 193 та Инвертор – ўзгармас токни ўзгарувчан 220 V га мословчи қурилма, 24 та ҳар бири ( 33 тонна) 35kV ли трансформатор, 2 та ҳар бири 193 тоннали асосий трансформаторлар ўрнатилди.

Лойиҳада фойдаланилган батарея, инвертор ва трансформаторларнинг ҳар бири учун алоҳида махсус бетон пойдеворлар қўйилди ва якунда лойиҳа асосида йиғиш ва ўрнатиш ишлари амалга оширилди. BESS ҳудуди 1 чақиримлик махсус мустаҳкам пойдеворга эга бўлган девор билан ўралди. ВЕSS тизимидаги кирувчи, чиқувчи ва захирадаги электр энергиясини кузатиб борадиган назорат биноси ( 55 м *22м *8м) қурилди. Махсус уч қаватли 15 метр баландликдаги омборхона, ёнғин хавфсизлиги бошқарув биноси ва иккита ёпиқ сув сақлов ҳовузи қурилди. BESS ҳудудидаги оқова сувларининг чиқиб кетишини таъминлаш мақсадида канализация қуриш ишлари амалга оширилди. Электр манбаини тарқатиш станциясидан BESS ҳудудигача 11 км. масофада юқори кучланишли электр сими – 39 та пўлат минора ўрнатиб тортиб келинди. BESS ҳудудидаги қурилмаларга табиат ҳодисалари зарар бермаслиги учун лойиҳада кўрсатилгандек чақмоқ уришига қарши ҳар бири ердан 32 метрли баландликда бўлган 8 та металл минора ўрнатилди. 200 дона 3 метрли пўлат қозиқлар ер остига ўрнатилди. Тоғ томондан келиши мумкин бўлган селни бошқа томонга йўналтирадиган 800 метрли лотоклар ўрнатилди. Лойиҳа қурилишида жами 800 нафарга яқин ишчи мутахассис ходимлар иш олиб борди. Биргина “VIVA Constructions” компаниясининг ўзида 400 га яқин маҳаллий ишчи мутахассислар ишлагани ҳолда Хитой, Туркия ва Ҳиндистондан ҳам етакчи мутахассислар жалб қилинди. BESS лойиҳасининг мураккаблигидан келиб чиқиб, 50 дан ортиқ ҳар хил турдаги махсус қурилиш техникалари иш олиб борди.

“VIVA Constructions” компаниясининг қурилиш жараёнини тўлиқ автоматлаштирилган ноёб дастури BESS лойиҳасининг қисқа муддатда амалга ошишида жуда катта ҳисса қўшди. Жумладан, қурилиш материаллари, керакли жиҳозлар ва техникаларга ўз вақтида буюртма бериш, уларни етказиб бериш ҳам автоматлашган программа асосида амалга оширилди. Ишчи ходимларнинг иш ҳақи тўлиқ дастурлашган ҳолда бўлгани ва иш ҳақини ўз вақтида берилиши қурилиш соҳасида янгича бурилиш бўлди ва бундан айниқса, маҳаллий ишчи ходимлар жуда ҳам мамнун. Замонавий BESS каби лойиҳаларга “VIVA Constructions” ўзининг замонавий ечимлари билан 2025 йилда ҳам жавоб беришга тайёр!
Айтмоқчиманки, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда электр тақчиллигига барҳам берилмоқда. Ёдингизда бўлса, Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллиги вужудга келгани, электр тармоқларидаги доимий узилишлар ҳақида 2000 йиллар бошидаёқ бонг урилган. Ҳар йили аҳолига кейинги йил аҳволимиз яхшиланиб кетади, дея қоп-қоп ваъдалар берилар, аммо келаси йил ҳолимиз баттар ёмонлашарди. Тўғри, янги аср бўсағасида қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича ҳам маълум саъй-ҳаракатлар қилинган. Бироқ мазкур жараён ниҳоятда секин ва тарқоқ ҳолда давом этиб, аксарият лойиҳалар, фикр-мулоҳазалар қоғозда қолиб кетаверди. Сабаби, узоқ вақтгача Ўзбекистонда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар борлиги, улар кенг қулоч ёзгани, янада аянчлиси, индустриал ривожланиш ҳамда иқтисодий ўсишимизга тўсқинлик қилаётгани юқори доирада очиқчасига айтилмади. Муаммони тан олиш учун, аввало, сиёсий ирода керак эди. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида вазият тубдан ўзгарди. Мамлакат электр энергияси тақчиллиги шароитида яшаётгани давлат даражасида тан олинди. Энергетика соҳасини модернизациялашга доир яхлит дастур ишлаб чиқишга киришилди.

Яна бир жиҳат. Қуёш ва шамол генерациясига ўтиш тегишли инфратузилмани яратишдан бошланади. Бу эса ҳазилакам иш эмас. “Яшил” энергетика жуда қиммат соҳа. 2017 йилгача Ўзбекистон ҳозиргидек дунёга очиқ мамлакат бўлмаган. Иқтисодиёт тармоқлари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинарди. Бундай шароитда йирик инфратузилмавий лойиҳалар учун хорижий ҳамкорларни жалб этиш, уларга қулай шартлар таклиф этиш мушкул эди. Инвесторлар биз билан ишлашдан чўчиган. Эндиликда давлатнинг ўзи қайта тикланувчи энергия манбаларига маблағ тикаётган тадбиркорларни рағбатлантирмоқда. Ўзбекистонда фото ва гидроэлектр станциялари, шамол генераторларини қуриш учун солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бежиз эмаски, мазкур йўналишда эълон қилинаётган тендер танловларида доим ўнлаб хорижий компаниялар иштирок этиш истагини билдиради. Ҳозир ҳатто, уй хўжаликларига ўз эҳтиёжи учун кичик гидроэлектр станциялари қуришга ва уни сотишга рухсат берилди. Демак, аҳолига узлуксиз энергия таъминоти кафолатланибгина қолмай, бундан даромад олиш имконияти ҳам яратилмоқда.
Асосийси, электр энергия қувватларини оширишга йўналтирилган лойиҳалар орқали атмосферага зарарли чиқинди газлар чиқарилиши ҳисобига ҳавонинг кескин ифлосланишининг олдини олиш борасида олган халқаро мажбуриятларимизни бажариш йўлида катта қадам ташладик. Боз устига, катта-катта маблағлар эвазига иш бошлаётган замонавий электр тармоқлари нафақат хонадонларимизни ёруғ, балки, кўнгилларимизни ҳам чароғон қилади. Одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиб, розилиги ортади. Мана нима учун “яшил” энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратяпмиз!? Боз устига, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра ошириш, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтариш мақсад қилиб қўйилган, умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаётган эканмиз, бу улуғвор ниятларимизга эришиш учун бизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур.
Ҳумоюн Аҳмаджонов,
"VIVA Constructions" компанияси раҳбари.