Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада иккита микро ГЭС фойдаланишга топширилди
14:37 / 2024-06-20

Фарғона вилоятининг Шоҳимардон қишлоғида 2,2 МВт қувватга эга «Шоҳимардон» микро гидроэлектр станцияси ишга туширилди.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида бунёд этилган ушбу микро ГЭС Шоҳимардон қишлоғи аҳолисини экологик тоза электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш ва қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш имконини беради.

«Кўксув» дарёси бўйида барпо этилган «Шоҳимардон» микро ГЭСда 2 та гидроагрегат ўрнатилган бўлиб, йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 13 миллион киловатт соатни ташкил этади. Унинг фаолияти натижасида 5 400 та хонадон электр энергияси билан таъминланади. Йилига ўртача 3,5 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, Микро ГЭС гидроагрегатлари Австриянинг «GLOBAL Hydro Energy GmbH» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 миллион долларга тенг бўлиб, шундан 3,4 миллион доллари Европа Иттифоқининг грант маблағларидир. 0,8 миллион доллари эса «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг ўз маблағи ҳисобидан шакллантирилган.

Лойиҳа ишга туширилгач, 8 та иш ўрни яратилди.

Шунингдек, 430 кВт қувватга эга «Водил» микро ГЭС фойдаланишга топширилди.

Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2,17 миллион киловатт соатни ташкил этади. Бунинг натижасида «Юқори Водил» МФЙда яшовчи аҳоли экологик тоза электр энергияси билан тўлиқ таъминланади.

Шу билан бирга, ушбу микро ГЭС ишга туширилиши туфайли йилига ўртача 615 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади. Лойиҳа сабабли 6 та янги иш ўрни вужудга келди. 

Маълумот ўрнида, мазкур микро ГЭС «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг ўз маблағи ҳисобига қурилди.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА