Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳар Мустақиллик массиви Тарона кўчасида бунёд этилган 2 та 16 қаватли янги турар жойларни кўздан кечирди.
Уйларнинг ҳар бири 80 хонадонли бўлиб, 2-3 хоналардан иборат.
Ҳозирга қадар вилоятда бу каби баланд уйлар қурилмаган. Шу сабабли қурилишда сейсмология ва замонавий архитектура талабларига алоҳида эътибор берилган. Энергия тежовчи, сифатли маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган хонадонлар коммуникация тармоқларига уланган. Биноларнинг совуқ ва иссиққа чидамли бўлиши учун базальт қопламасидан фойдаланилган.
Қўп қаватли уйларнинг ёнида болалар ўйин майдончаси, машиналар тураргоҳи бор.
Режага кўра, мазкур уй-жойларнинг 8 таси ногиронлиги бор ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга, 32 таси мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга, 120 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга ажратилган.
Маълумки, Фарғона вилояти мамлакатимизнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан. Шу сабабли бу каби замонавий кўп қаватли уйларнинг қурилиши аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш баробарида ердан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, 2 та 16 қаватли уйни қуриш учун 11 сотих ер кифоя қилди. Бу ерда энди 160 та оила яшайди. Демак, озгина ерда шунча оиланинг уй-жойга бўлган муаммоси ҳал бўлди.



Президентимиз ўтган йили мазкур уйлар қурилиш жараёни билан танишиб, массивда яшайдиган аҳоли фарзандлари учун мактаб ва болалар боғчаси, оилавий поликлиника каби зарур инфратузилмалар объектлари бунёд этиш бўйича топшириқ берган эди. Бугунги кунга келиб Мустақиллик массивида 420 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. 380 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиши давом этмоқда.
Умуман олганда, кейинги тўрт йил мобайнида вилоятда 2011 хонадонга мўлжалланган 45 та қўп қаватли уй қурилган.
Президентимиз аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар доимий эътиборда бўлишини қайд этди. Бу каби уйлардан фойдаланиш маданиятини ошириш, лифт эгаси бўлиши лозимлиги айтилди. Бу уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва шу ерда яшовчи аҳоли ҳамкорлигига боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари уйларнинг қурилиш технологияси ва сифатини кўздан кечирди. Ёнғин хавфсизлигини, коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.
Шу ерда Фарғона шаҳар Мустақиллик массивидаги кўп қаватли уйларнинг ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини қуриш, қурилиш комплексида яратиладиган янги иш ўринлари, 20 хонадонга мўлжалланган 5 қаватли 1 подъездли уйлар қуриш каби қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Фарғона тумани Илғор маҳалласига бориб, ички йўлларни арзон қуришга оид андозаларни кўздан кечирди.
Юртимизда 39 минг километрга яқин ички йўллар тупроқли. Илгари қурилган кўчаларнинг ҳам кўпи ўйдим-чуқур бўлиб, яроқсиз ҳолга келган. Ушбу барча йўлларга асфальт ётқизиш жуда қимматга тушади.
Шу боис қум-шағал, оҳак тош, чақиқ тош, цемент каби маҳаллий материаллар аралашмасидан 5 хил қоплама варианти тайёрланган.
Шавкат Мирзиёев ушбу намуналарни кўздан кечирди. Соҳа мутахассислари йўл қопламаларининг таркиби, таннархи, сифати бўйича маълумот берди.
Президент бу ишланмаларни қўллаб-қувватлаб, уларни муҳандислик жиҳатидан такомиллаштириш, хомашё захиралари ва зарур техникаларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, энг маъқулини танлаш кераклигини таъкидлади.







Зиёдулла Жонибеков, ЎзА