English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада ҳосилдорлик 90 центнерга етади (+видео)
16:39 / 2024-06-06

Фарғона вилояти мамлакатнинг энг йирик дон етказувчи минтақасига айланиб қолди. 2023 йилда салкам 800 минг тонна буғдой етиштирилди.

Бу йилги ҳосил унданда кўп. Ғалла майдонида оралаб юролмайсиз. Бошоқлар тирбанд. Дон бошоқлари ҳар йилгидан катта, бошоқда дон сони кўп, қўлга олсангиз вазни сезилади. Комбайнчилар бундай майдонлар ҳақида ўз ибораси билан “масса катта” дейди. Бу дон ҳосилдорлиги юқори, дегани.

  • 95 минг гектар майдонда ғалла етиштирилди. Фарғона вилоятига мос келган навларнинг экилиши юқори ҳосил олишга сабаблардан бири бўлди, – дейди “Фурқатдон” кластери раҳбари Садриддин Ортиқов. –Ўтган йили 80 центнергача ҳосил олинган бўлса, бу йил вилоят бўйича ўртача  ҳосилдорлик 90 центнерга етади.

Ҳа, дастлабки ўрганишлар бу йилги ҳосил 850-900 минг тоннага етишидан далолат бермоқда. Аммо ҳосилдорлик етиштирилган донни авайлаб, ўз вақтида ўриб олишга ҳам боғлиқлиги ҳақиқат.

–Дон ўримига 323 та юқори самарадор комбайнлар шай. Буғдой ўримини 17 кунда якунлаймиз, – дейди вилоят агроинспекция бош инспектори Равшан Назиржонов.

Равшан ака шу сўзларни айтди-ю, негадир пешонаси тиришди. Бунинг сабаби бор эди. Бугун, мамлакат далаларидаги каби Фарғонада ҳам ҳар гектаридан 45-50 центнерлик ҳосил етиштирилган майдонларда ўрадиган комбайнлар ишлаяпти. Ҳосилдорликнинг кескин ўсиши деҳқон тилида айтганда “масса”ни катталаштирди. Энди юз центнергача ҳосилни ўрий оладиган агрегатида тасманинг айланиш миқдори катта бўлган комбайнлар керак. Тўғри уларни йилма-йил олиш режалаштирилган.

–2024 йилнинг бир ойида 20 та янги комбайн олиб келишга муваффақ бўлдик. Келгуси йилгача яна 30 та комбайн сотиб олинади, – дейди Равшан Назиржонов. 

Ҳаёт тарзимиз яхши ниятга асосланган. 2024 йил ўримга комбайн тушишидан аввал умри деҳқончиликда ўтган оқсоқоллар келишди, дала бошига. Қуръон тиловат қилиниб яхши ниятлар ила дуои фотиҳа қилинди.

Қудратли ўрим машиналари донни бошоқдан ажрата бошлади. Тадбирга келган туман раҳбари ва мутасаддилари ўрим натижаларини жойида таҳлил қилдилар. Ҳозиргина комбайн ўтган майдонларни бирма – бир кўришди. Дон тўкилишига йўл қўйилмаган.

Кейин вилоят мутахассислари учун ўзига хос йиллик сарҳисоб қилинди. Ҳар гектар майдонга камида 1 тонна ўғит солинган, вилоят бўйича 450 минг тонна маҳаллий ўғит сув билан оқизилган. Зараркунандаларга қарши кураш ишлари самарасини кўрсатган. Серҳосил навлар танланган. Ҳосил чўғи яратилишининг бош омиллари шулар эди. 

Маслаҳат кенгашида яна бир неча рақамлар айтилди. Вилоятда 328 та ўрим отрядлари ташкил этилиб, уларга юқори унумли дон ўриш комбайнлари, 1696 дона дон ташиш автомобиллари, 328 та кўчма устахоналар ва 173 дона ёқилғи  ташиш техникалари бириктирилди. 

Шунингдек, барча туманларда “Ғалла-2024 ўрим-йиғим штаблари” ташкил этилди.

Етиштирилган ғалла ҳосилини вилоятдаги дон маҳсулотлари корхоналарининг 4 та дон қабул қилиш элеватори, 2 та ғаллачилик кластерлари ва 12 та дон қабул қилиш шаҳобчаларига 585 та йўналишда олиб келиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқилди.

Яна бир янгилик шуки, дон маҳсулотлари корхоналарининг элеватор ва дон қабул қилиш шаҳобчаларидаги тарозилар, лаборатория биноларининг барчаси тўлиқ “On-line” кузатув режимига ўтказилган.

Бугундан Фарғона вилоятининг барча туманларида ғалла ўрим йиғими бошланди. Масалан, Бешариқ туманида ҳам аллақачон таъмирлаб сафга тизилган комбайнларга изн берилди. Ундан аввал отряд бошлиқлари, комбайнчиларга 3 миллион сўмдан иш ҳақи бўнаги тарқатилди. Сўнг қудратли техникалар далага йўл олди.

  • 4та ғаллачилик кластеримиз бор. Комбайнларимиз 30 тага етган. Уларнинг барчасини мавсумга шай қилиб қўйдик, – дейди Бешариқ тумани ҳоким ўринбосари Адҳамжон Умаров. – Бу йил дон йили бўлди. Бугундан ўримни бошладик. Ўртача 100 центнердан ҳосил олишимиз кутиляпти. 

Туман ҳокимияти ғалла ўримига дахлдор барча ишчи хизматчиларни бир дастурхонга йиғди. Эзгу тилак ва тавсиялар берилди. Хирмонга барака тилаб дуои фотиҳа қилинди.

Музаффар Қўчқоровни Бешариқда “дончи фермер”, дейишади. Дарҳақиқат, ҳосилдорликда унинг олдига тушадигани кам.

  • Ўтган йили ғалладан 102 центнердан ҳосил олган бўлсак. Бу йил камида 105 центнерга етади, – дейди “Абдураҳмонов Хусниддин” фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Қўчқоров. 

Деҳқонбува бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди:

  • Ерларнинг милиорация ҳолати яхшиланди. Гектарига 1200 килограммдан ўғит тушди. Шунинг натижасида 100 миллион сўмдан ортиқ даромад қилдим.

Бугун деҳқончиликда ҳам бозор иқтисоди қонун-қоидалари қарор топди. Фермер шартнома шартидан зиёд етиштирган ҳосилни биржа орқали истаган нархда, истаган харидорга сота олади. Бу эса деҳқончиликдан даромад олиш манбасини мустаҳкамлади.

17 йил Россияда фаолият кўрсатган тадбиркор Отамурод Сайдаҳмедов Президентимиз чақириғига кўра Бешариққа қайтди. Ҳозир у кўп тармоқли кластер эгаси. У ҳар ишда, жумладан ғаллачиликда ҳам изланади, янгиликларни қўллайди. Масалан, бу йил ғаллани тўлиғича ёмғирлатиб суғориш усулида етиштирдилар.

–Ёмғирлатиб суғоришнинг афзаллиги, биринчидан у орқали субсензия берса бўлади. Бундан ташқари ўғит ва ҳашоротга қарши дориларни ҳам сепаверади, – дейди дончилик кластери раҳбари Отамурод Сайдаҳмедов. –Ёмғирлатиб суғоришда сув ва дори бир текис етказилади, ер захлаб кетмайди. Сув ҳам ҳамма жойга бир хил миқдорда тушади. Шунинг ҳисобига ҳосилдорлик, фермернинг даромади ошади. Қолаверса томчилатиб суғоришга 100 миллион сўм сарфласангиз, давлат 50 миллионини субсидия тарзида қайтариб беряпти. Бундай шароит ҳеч қаерда йўқ. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/E-CQp5Yle4I" title="Fargʻonada hosildorlik 90 sentnerga yetadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Айтай десак, айтгулик иш ҳам, гап ҳам кўп. Ҳаммасини биргина рақам ифодалаб турибди. Фарғона вилоятида бу йил ғалла ҳосилдорлиги ўртача 90 центнердан ошиши кутиляпти.

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (+видео), ЎзА