Наврўз умумхалқ байрами ҳамда Рамазон ойини қарши олиш арафасида Фарғона вилоятида ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Бугун эрта тонгдан Сўх туманидаги “Ҳазрат Али” маҳалла фуқаролар йиғини кўчалари ўзгача тароват касб этди. Ҳазрат Али зиёратгоҳи ободонлаштирилди, кўчалар, ариқлар тозаланди. Икки юздан зиёд кўчатлар экилди. Шунингдек, ўндан ортиқ ёши улуғлар, эҳтиёжманд оилалар холидан хабар олинди. Янги ўзлаштирилаётган Жавпая массивида ҳам юзлаб сўхликлар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда.
[gallery-11037]
"Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки" шиори остида умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи маълумотига кўра, ҳашар доирасида 1 минг 300 гектарга яқин ҳудуд, 1000 га яқин қабристон ва 80 дан ортиқ зиёратгоҳлар ободонлаштирилади. Шунингдек, 300 километрдан ортиқ ариқ ва зовурларни тозалаш, 150 минг тупдан ортиқ манзарали ва 200 мингга яқин туп мевали дарахт кўчатлари, 250 мингга яқин гул экилиши кўзда тутилган.
Хайрия ҳашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, вилоятдаги 650 дан зиёд юртдошимизнинг хонадони таъмирланади.
Айни пайтда барча маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда хайрия ҳашари тадбирлари давом этмоқда.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган (сурат), ЎзА