Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада ҳам ҳайдовчилар учун имтиҳон маркази очилди
11:42 / 2022-12-13

Фарғонада ҳайдовчилар учун вилоят имтиҳон маркази фойдаланишга топширилди. Эндиликда инновацион технологиялар билан жиҳозланган ва барча қулайликларга эга бўлган бу жойда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонлар ўтказилади.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини жиддий синовдан ўтказиш муҳим вазифа саналади. Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.  

“Autodriver Study” масъулияти чекланган жамияти томонидан Фарғона туманидаги “Ўрташўра” маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур имтиҳон маркази барпо этилди. Марказ бир кунда 450 нафардан талабгорни назарий имтиҳондан, 300 нафардан ортиқ талабгорни амалий имтиҳондан ўтказиш қувватига эга. Бу ерда назарий имтиҳонларни ўтказиш учун техник ва технологик воситалар билан махсус жиҳозланган зал (хоналар), автомототранспорт воситаларининг барча тоифалари бўйича амалий имтиҳонларни ўтказиш учун автоматлаштирилган автодром ташкил этилган.  

[gallery-9944]

Марказда махсус жиҳозланган автомототранспорт воситалари ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўзаро боғловчи марказий дастурий мажмуа фаолият юритади ва ҳайдовчиликка номзодлар томонидан амалга оширилган ҳар бир синов машқлари натижаларини инсон омилисиз автоматлаштирилган назорат тизими орқали баҳоланади. Айниқса, марказнинг диспетчерлик (назорат) пункти ҳайдовчиликка номзодларнинг ҳаракатларини кўрсатиб турадиган компьютер ва мониторлар, автоматлаштирилган автодром тизимининг элементи сифатида ишлайдиган ахборотни доимий қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлаш ускуналари, овозли алоқа воситалари билан жиҳозланганлиги муҳимдир.  

Мазкур имтиҳон марказида етарли ҳуқуқий билими шаклланган ва ўзаро маданият, малакага эга ҳайдовчилар синовдан ўтказилиб вилоятда йўл транспорт ҳодисаси кескин камайишига эришилади. Марказнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.  

Маълумотларга кўра, вилоятда йўл-транспорт ҳодисасини камайтириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида тузилган меморандум ҳамда 2021-2023 йилларда вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Равон йўл” концепцияси” доирасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Афсуски, мазкур ишларга қарамасдан йўл-транспорт ҳодисалари сони ошиб бормоқда. Вилоят бўйича жорий йилнинг 11 ойи давомида 1 минг 349 та йўл-транспорт ҳодиса содир этилган бўлса, бу ҳар юз минг нафар фуқарога 30,5 тага тўғри келмоқда. Ўтган йилга нисбатан эса 6,3 фоизга ошиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этганлар 217 тани ташкил қилади.  

М.Сулаймонов, ЎзА  

М.Қодиров олган сурат