Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланди (+видео)
16:14 / 2026-03-05

Фарғона шаҳрида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган фаол хотин-қизлар, меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Бурхонжон Қўлдошев сўзга чиқиб, хотин-қизларни байрам билан самимий табриклади. У кейинги йилларда мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, илм-фан, тадбиркорлик, маданият ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, оила мустаҳкамлиги ва ёш авлод тарбиясидаги беқиёс хизмати алоҳида тилга олинди. Фарғона вилоятида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан тақдирланган бир гуруҳ фидойи хотин-қизларга давлат мукофотлари топширилди. Улар орасида таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар бор.

[gallery-27991]

Шунингдек, вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этаётган, ёшлар тарбияси, маҳаллалар ободончилиги ва хайрия ишларида ташаббускорлик кўрсатаётган хотин-қизларга эсдалик совғалари ҳамда “Фахрий ёрлиқ”лар топширилди.  

– Деҳқончиликни яхши кўраман. Юртбошимиз биз фермерларга жуда катта имтиёзлар ва имкониятлар яратиб берди, – дейди Риштон туманидаги “Фурқат” фермер хўжалиги бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳибаси Лобархон Норматова. – Бизга субсидиялар беряпти. Қанча терим машиналари келтирилди. Буларнинг ҳаммаси юрт равнақи учун фидойилик билан меҳнат қилишга руҳлантиради.

Давлат мукофоти  билан тақдирланганларнинг бири Фарғона шаҳридаги махсус техникумнинг устаси Гулбаҳор Маматқуловадир.  

– Ҳар бир устахона оғирги русумдаги ускуналар билан зиҳозланган. Бунинг ортида давлатимиз раҳбарининг эътибори турганини биламиз ва улардан чексиз миннатдормиз. Энди аввалгидан ҳам самаралироқ  ишлашга ҳаракат қиламан, – дейди махсус техникум ўқитувчиси Гулбаҳор Маматқулова.  

Тантанали тадбир байрамона концерт дастури билан давом этди. Унда таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар томонидан она, аёл ва оила муқаддаслигини тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jbJOPlVUKik" title="Farg‘onada  Xalqaro xotin-qizlar kuni keng nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА