1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида байрам 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов, муассаса ходимлари, болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
[gallery-12171]
Байрамона безатилган муассасада куй-қўшиқлар, дилрабо рақслар барчага кўтаринки кайфият улашди. Болаларнинг ташвиш ва ғамдан йироқ баралла кулгулари бутун шифохонани қамраб олди. Тадбир доирасида болаларга ўйинчоқлар совға қилинди.
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги “Мурувват уйи”да ва шаҳар болалар шифохонасида “Бахтли бўлгин, болажон! Соғлом авлод - юрт келажаги” шиори остида тадбир ўтказилди. Шифохона ходимлари томонидан ташкиллаштирилган мусиқий, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги байрамона тадбир болажонларга олам-олам завқ улашди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА