Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманидаги Водил Қизилқўрғон массивида 320 гектар майдонда ташкил этилаётган малина плантациясида бўлиб, малиназор ташкил этиш масалаларида туркиялик тадбиркор Али Баклан билан мулоқотда бўлди.
Президентимизнинг яқинда қабул қилинган «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори билан ер майдонлари очиқ электрон танлов ўтказиш орқали, 10 сотихдан 1 гектаргача ўлчамда аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 йил муддатга ижарага берилиши белгиланди.
Ташкил этилаётган малина плантациясида ҳам туркиялик тадбиркор томонидан малиначилик кооперацияси ташкил этилиб, 100 гектар майдон ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига, мактаб битирувчиси бўлиб меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларга бўлиб берилишига келишиб олинди. Шунингдек, йирик инвестиция жалб этиш орқали 100 гектар майдонда замонавий усулда малина етиштириш ва уни тўла қайта ишлаб тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш циклини ўз ичига олган кластер ҳам ташкил этилади.
Туркиялик агрономлар Расим Качар ва Ҳалил Ўндер Турк билан мева-сабзавотчиликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш имкониятлари ҳақида суҳбатлашди. Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига Фарғонада ғаллачилик ва мева-сабзавот кластерлари уюшмаси ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу уюшма муассислигида мева-сабзавотчилик кластери ҳам ташкил этилиши, етиштириладиган ҳосилни экспортга йўналтириш ҳамда эришиладиган даромад ҳисобига уюшмани хўжалик ҳисобида мустақил фаолият юритишини таъминлаш белгилаб берилди. Уюшмага туркиялик қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук мутахассисларидан иборат гуруҳ, агроном-консультантлар жалб этилади ва улар замонавий ғаллачилик ва мева-сабзавот етиштириш технологияларини вилоятдаги кластерларда жорий этилишига кўмаклашади. Уюшма қошида доимий ишловчи Маслаҳат офиси ҳам фаолият юритади.
Ушбу ҳудудда малина плантацияси ташкил этиш бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Ҳозирги кунгача умумий белгиланган майдоннинг 200 гектар қисми экишга тайёрланиб, 76 гектарига ҳосилдор малина кўчатлари ўтқазилди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА