Фарғоналик фермерлар ғалла етиштиришда катта тажриба эга бўлиб, ҳосилдорликни йилдан-йилга ошириш чора-тадбирларини кўрмоқда.
Бу йил вилоят бўйича 95 минг 720 гектар майдонда ўртача 80-85 центнердан, 745,8 минг тонна бошоқли дон ҳосилини йиғиштириб олиш режалаштирилган.
Айни кунларда далаларда ҳосил пишиб етилди. Хўш, мавсумга тадорик қандай? Данғара тумани “Ҳайдаробод замини” фермер хўжалигида ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олишга бағишланган кўргазмали вилоят семинарида ана шу масалалар муҳокама этилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят, туманлар секторлари раҳбарлари, ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, йиғим отрядлари бошлиқлари, қишлоқ хўжалиги тизимидаги ташкилотлар мутасаддилари дастлаб мазкур фермер хўжалиги ғалла майдонларида бўлиб, пишиб етилган бошоқли дон ҳосилини кўздан кечирди. Ҳосилга барака тилаб, дуолар қилинди ва вилоятда ғалла ўрим-йиғим мавсуми бошланди.
Кўргазмали семинарда иштирок этган вилоят ҳокими деҳқонларнинг 9 ойлик самарали меҳнатлари натижасида вилоятда мўл ғалла ҳосили етиштирилгани, олдинда муҳим ва масъулиятли жараён – ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш вазифаси турганини қайд этди. Ғалла халқимиз ҳаётида муҳим ўринга эга эканлиги таъкидланди. Ҳосилни маслаҳатли, тартиб-интизом билан, тизимли иш ташкил этиб, йиғиштириб олиш зарурлигига эътибор қаратилди.
2022-2023 йилларда ғалла ҳосилдорлиги бўйича вилоят республикада биринчи бўлиб тургани мамнуният билан қайд этилди.

Бу йилги мавсумда ҳам ўрим-йиғим иштирокчиларининг моддий манфаатдорликлари алоҳида эътиборга олиниб, отряд бошлиқлари, механизаторлар ва ҳайдовчиларга пул маблағлари берилди.
Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғимнинг бошқа иштирокчиларининг унумли ва баракали ишлашлари учун дала бошида қулай шароит яратиб берилади.
Ҳудудларда ўримни тизимли ташкил этиш мақсадида 328 та ўрим отряди шакллантирилди. Уларга юқори унумли дон ўрим комбайнлари, 1696 дона дон ташиш техникаси, 328 та кўчма устахона ва 173 дона ёқилғи ташиш техникаси бириктирилди.

Семинарда таъкидланганидек, комбайнларнинг ҳар бир иш соати, ҳаракати назоратда бўлади. Уларнинг иш самарадорлиги таҳлил қилиб борилади. Натижаларга қараб комбайнчи ва ҳайдовчилар, отряд бошқа аъзолари рағбатлантирилиб борилади.
Семинар давомида жорий йилги ғўза парваришида агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш бўйича туманлардаги ҳолат, кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам масъуллар маълумотлар берди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири