"Қўқон дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига қарашли Рапқон уруғчилик цехида бу йил Фарғона вилоятида етиштирилган ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олишга бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят, туманлар секторлари раҳбарлари, отрядлар бошлиқлари, қишлоқ хўжалиги тизимидаги ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари дастлаб Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Фарғона илмий-тажриба станцияси ғалла майдонларида бўлишди.
Вилоятда ғалла ўрим-йиғим мавсуми бошланди. Сўнг шу жойдаги 2 сотих майдонда тажриба тариқасида экилиб, парваришланган 33 турдаги буғдой навлари билан танишилди. Ушбу навлар ҳосилдорлигига қараб оммалаштирилиши айтиб ўтилди. Рапқон уруғчилик цехида ўтказилган кўргазмали семинарда иштирок этган вилоят ҳокими деҳқонларнинг 9 ойлик самарали меҳнатлари натижасида вилоятда мўл ғалла ҳосили етиштирилгани, олдинда муҳим ва масъулиятли жараён – ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш вазифаси турганини қайд этди.
Ғалла халқимиз ҳаётида муҳим ўринга эга эканлиги таъкидланди. Ҳосилни маслаҳатли, тартиб-интизом билан, тизимли иш ташкил этиб йиғиштириб олиш зарурлигига эътибор қаратилди.
–Узоқ кутилган ислоҳотлар даври келди, – деди вилоят ҳокими. – Бугун ғаллада эркин баҳога, бозор баҳосига ўтилди. Ҳар йили етиштирилган буғдойни 9 ой меҳнат қилиб фермер бозордан 30-40 фоиз арзон нархда давлатга топширар эди. Бу йилдан бозорга қараб пул тўлашни мувофиқлаштириш белгилаб қўйилди. Бу фермер учун манфаат. Давлат ҳам фермердан бозор нархида сотиб олади. Бозор иқтисодиётига ўтилиши, кластерларнинг ташкил қилиниши пахтада яхши натижа берган бўлса, бугун мана ғаллада ҳам бу йил биринчи самарасини, даромадини беради. Бугун, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий даромад оладиган давр келди. Ҳар бир фермер бу йилги натижалардан хурсанд бўлади. Меҳнат қилгандан кейин даромад олиш керак. Омборда, хонадонда дон бўлса, кўнгил ҳам тўқ, хотиржамлик бўлади.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов қилинган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Бу йил вилоят бўйича 99,5 минг гектар майдонда ўртача 80 центнердан, 796 минг тонна бошоқли дон ҳосилини йиғиштириб олиш режалаштирилган. Ғалла етиштиришни кластер усулида ташкил этиш ўзининг юқори самарасини берди.
Натижада кластерлар ва ғаллакорлар ҳосилдорликни ўртача 10-15 центнерга оширишни таъминлади. Ғаллакорларга уруғлик, ёқилғи ва ўғит ўз вақтида, етарли миқдорда етказиб берилди. Бу йил ғалла ҳосилини етиштириш учун жамғарма ҳамда ғаллачилик кластерлари томонидан 505 миллиард сўм маблағ сарфланди. Мавсумда ҳам ўрим-йиғим иштирокчиларининг моддий манфаатдорликлари алоҳида эътиборга олиниб, отряд бошлиқлари, механизатор ва ҳайдовчиларга пул маблағлари берилди. Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғимнинг бошқа иштирокчиларининг унумли ва баракали ишлашлари учун дала бошида қулай шароитлар яратиб берилади.
Ҳудудларда ўримни тизимли ташкил этиш мақсадида 335 та ўрим отрядлари шакллантирилди. Уларга 335 та юқори унумли дон ўрим комбайнлари, 1639 та дон ташиш техникалари, 165 та кўчма устахоналар ва 106 та ёқилғи ташиш техникалари бириктирилди.
Семинарда таъкидланганидек, комбайнларнинг ҳар бир иш соати, ҳаракати назоратда бўлади. Уларнинг иш самарадорлиги таҳлил қилиб борилади. Натижаларга қараб комбайнчи ва ҳайдовчилар, отряд бошқа аъзолари рағбатлантирилади. Энг асосийси, уруғлик сифатига алоҳида аҳамият қаратилади.
М.Сулаймонов, ЎзА