Жорий йилнинг 5 октябрь куни фуқаро Донёрбек Қўзибоев (муқаддам судланган) ҳамда Умиджон Жўраевлар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Д.Э.нинг тергов органи томонидан айбланиб, қамоққа олинган таниши Т.Р.ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишловчи мансабдор шахслар орқали қамоқдан чиқариб, жиноят ишини ижобий ҳал қилиб беришлари эвазига ундан 10 000 АҚШ доллари талаб қилишган.
Фуқаронинг аризаси асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида юқоридаги шахслар Қўқон шаҳар Туркистон кўчасида аризачидан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Донёрбек Қўзибоев ва Умиджон Жўраевларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, муқаддам судланган фуқаро Донёрбек Қўзибоев 3 нафар фуқаролардан жарима майдонидаги автомашинани чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш ва бошқа ҳаракатлар учун ҳам пул олганлиги юзасидан аризалар келиб тушган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА