Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада ер билан боғлиқ 21 та жиноят иши кўрилди
14:44 / 2023-05-19

Фарғона вилоятида ерларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида судларда ер билан боғлиқ жами 26 нафар шахсга нисбатан 21 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан, 25 нафар шахсга нисбатан 20 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлса, 1 нафар шахсга нисбатан 1 та жиноят иши тугатилган. Бу ҳақида вилоят судининг раиси Шуҳрат Камолов Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясидаги ахборотида маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, ер билан боғлиқ кўрилган жиноят ишларидан 8 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши ер сотиш,  7 нафар шахсга нисбатан 5 та жиноят иши ерга оид ҳужжатларни расмийлаштиришдаги коррупция билан билан боғлиқ ҳамда 11 нафар шахсга нисбатан 10 та жиноят ишлари ерга оид содир этилган бошқа турдаги жиноятларни ташкил этган.  Жиноят ишлари доирасида 76,9 гектар ва 110,3 сотих ер майдонлари муҳокама қилинган.

Шунингдек, бу даврда фуқаролик ишлари бўйича ҳамда иқтисодий судлар томонидан ер муносабатларига доир 159 та даъво ариза қаноатлантирилган бўлса, 9 та даъво талабини рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Маҳаллий ҳокимликларнинг айрим масъул мутасаддилари томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинмагани оқибатида мулкдорларнинг, хусусан, ер эгаларининг  ҳуқуқларини бузилиши кузатилмоқда.

Жумладан, Қўқон шаҳар адлия бўлими фуқаро Ш.Ш. манфаатида жавобгар Қўқон шаҳар ҳокимлигига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, давлат ва жамоат эҳтиёжларига олиб қўйилган ер майдони учун компенсация ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, Қўқон шаҳар, Шижоат кўчаси, 50-уйда 3.427,25 квадрат  метр  ер майдонида жойлашган бино-иншоотлар, 04.08.2007 йилдаги олди-сотди шартномасига асосан фуқаро Ш.Ш.га тегишли бўлган ва мулк ҳуқуқи 13.08.2007 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган.  

Қўқон шаҳар ҳокимининг 02.11.2018 йилдаги 959-сонли қарорига асосан даъвогарга тегишли ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Лекин даъвогарга бошқа ер майдони ажратилмаган ва компенсация тўлаб берилмаган. Даъвогарнинг бундай мазмундаги мурожаатлари эса эътиборсиз қолдирилган.  Шу сабабли, суднинг ҳал қилув қарори билан фуқаро Ш.Ш. фойдасига жавобгар Қўқон шаҳар ҳокимлигидан компенсация ундирилиши белгиланган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида судларда шу каби 10 нафар мулкдорларга, яъни ер эгаларига компенсация ундирилиши белгиланиб, уларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари тикланган.

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг 2023 йил 9 февралдаги ҳукмига кўра, А.Қ. Қўштепа туман ҳокимининг “Шаҳартепа” маҳалла фуқаролар йиғини бўйича ёрдамчиси вазифасида ишлаб, хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишни мақсад қилади. 2022 йил апрель – май ойларида фуқаро З.З. ва М.М.лардан Шаҳартепа маҳалласи ҳудудидан ўтган Ёзёвон-Марғилон автомобиль йўлининг бўйидаги ерлар 5 ва 10 сотихдан бўлиниб, аукцион савдолари орқали сотилаётганлигини айтиб, ушбу ерлардан 2 та 5 сотихлигидан аукцион савдолари орқали олиб беришини ваъда қилиб, алдаб, 1 минг 800 АҚШ доллари ва 21 миллион сўм ҳамда 55 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбли деб топилган.

М.Сулаймонов, ЎзА