Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада “Энг улуғ, энг азиз” кўрик танлови ғолиблари тақдирланди, журналистлар уюшмаси вилоят бўлимига эса 100 миллион сўм ажратилди (+видео)
17:50 / 2023-08-22

Эрта тонгдан Фарғона шаҳридаги мусиқали драма театри биноси олдида карнай-сурнай садоси янгради. Ўзбекистон Президенти қарори билан Мустақилликнинг 32 йиллигини муносиб нишонлаш дастурига асосан бугун вилоят ижодкорлари: ёзувчи ва шоир, журналист, рассом, дизайнерлар ўртасидаги “Энг улуғ, энг азиз” ижодий танловга якун ясалди. Ижодкорлар ўз асарларида мустақиллик йилларида эришилган натижалар ҳақидаги таҳлилий мақолалари, шеър ва насрий асарлари, рангбўёқ расмлари, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлари билан қатнашдилар. Улар замонга шукрона айтардилар, ўз асарларида.

Муҳтарам президентимиз олиб бораётган доно сиёсатининг натижаси туфайли халқимизнинг тафаккури кенглиги, давлатимизнинг дунё миқёсидаги ютуқларининг бардавомлиги натижаси ўлароқ биз эркин эмин яшаяпмиз, – дейди шоир Исмоил Маҳмуд. –Ўзбекистон овози дунёда янграмоқда. Бу – табиий. Чунки биз буюк авлодларнинг аждодимиз. Улар дунё тамадунига улкан ҳисса қўшган зотлар бўлган.

Тантанани вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов табрик сўзи билан очди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини  бажарувчи Холмурод Салимов, Ўзбекистон “Тасвирий ойна” АЖ бошқаруви раиси Исфандиёр Латиповлар кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги билан вилоят ижодкорларини табриклашди. Сўнгра барча олти йўналишдаги танлов ғолиблари эълон қилинди. Улар орасида иқтидорли шоир ва адиблар, ёш, аммо етук журналистлар, рассому дизайнерлар бор эди. “Данғара” газетаси муҳаррири Ўктамхон Акбарова, “Севимли” телеканали вилоят мухбири, иқтидорли журналист Ахрор Зиё, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Муаттар Маҳмудова, “Kun.uz” интернет нашри вилоят мухбири Сарвар Зияев, 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Малика Болтаева, Ўзбекистон Миллий Ахборот агетлигининг фотомухбири Муқимжон Қодиров каби ғолиб ва совриндорлар муносиб совғалар билан тақдирланди. 

Ижодкор сифатида мана шу она ватаннинг тақдирига бефарқ бўлмай ёшлар фаолиятини ёритишда фаоллик кўрсатганим, ижодим билан ҳисса қўшганимни рағбатлантиришганидан хурсандман, – дейди радиожурналист Маҳбуба Аҳмедова. –Албатта ҳар бир эътироф келажагим учун, касбий фаолиятим учун менга қанот бўлади. 

–Бугун бирор бир мавзуни ёритиш учун исталган идора эшигини очиб кира оламиз. Чунки бизнинг касбий ҳуқуқларимиз конституциямизда белгилаб қўйилган, – дейди “Севимли” телеканали вилоят мухбири Ахрор Зиё.  –Қолаверса муҳтарам президентимиз “мен журналистларнинг яқин дўстиман ва уларга ишонаман” деган гаплари мени ҳамиша рухлантириб келган. Бу мукофот фаолиятимни янада кенгайиб барқ уришига замин яратди. 

Сўзга чиққанлар Фарғона вилояти ҳокимлиги ижод аҳлини қўллаб-қувватлаб келаётгани, яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимига фаолиятини ташкил этиш учун 100 млн сўм ажратганини мамнуният билан таъкидладилар.

Тантана вилоят санъаткорлари ижросидаги шўх куй ва қўшиқларга уланиб кетди.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/Wjg4YbyvH7g" title="Фарғонада “Энг улуғ, энг азиз” кўрик танлови ғолиблари тақдирланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов

Тасвирчи: Элёр Олимов