ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан эълон қилинган “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг дастлабки саралаш босқичи вилоятдаги 1015 та маҳаллани қамраб олган бўлиб, мезонларга кўра энг намунали иштирокчилар аниқланган эди. Шаҳар ва туман босқичларида муваффақият қозонган фуқаролар вилоят босқичида ўзaрo беллашди. Якуний босқич Аҳмад ал-Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ш.Полвонов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Зиявитдинов ҳамда “маҳалла еттилиги” раҳбарлари иштирок этди.
“Обод хонадон” ва “Обод кўча” номинациялари бўйича иштирокчилар ўз ҳудудларида амалга оширган ободонлаштириш ишларини акс эттирувчи фотоальбом ва видеороликларни тақдим этди. “Обод маҳалла” номинациясида эса маҳалла раислари тақдимот ва савол-жавоб жараёни орқали ўз фаолияти, тажрибалари ҳамда амалий ташаббусларини намойиш қилди.
Танлов маҳаллаларда ободонликни ошириш, ишсизлик ва камбағалликни камайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-26468]
Якуний натижаларга кўра, Олтиариқ туманидаги Азимобод маҳалласи “Энг обод маҳалла”, деб топилди. Фарғона тумани “Бой маҳалла” МФЙдаги Илёсбек Номоновлар хонадони “Обод хонадон” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Қува туманидаги “Қорашоҳ” МФЙнинг Сарбоз кўчаси “Энг намунали кўча”, сифатида эътироф этилди.
Барча номинациялар бўйича ғолиблар ҳамда фаол иштирокчилар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилояти бошқармаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳар уч номинация бўйича 1-ўринни қўлга киритган иштирокчилар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА