ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида қандли диабет ва бошқа эндокрин касалликларга қарши курашда янги имкониятлар яратилмоқда. Академик Ё. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали бу йўналишда ҳудуднинг етакчи муассасасига айланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида 2025 йилнинг биринчи чорагида эндокринология хизматига янги тиббий ускуналар – 1779 та глюкометр, қарийб 730 минг дона тест япроқча ва минглаб ланцетлар етказилди. Бу воситалар орқали минглаб беморлар қон қанди назоратини ўз вақтида амалга ошириш имконига эга бўлди.
Марказ шифокорлари беморларни даволаш билан чекланиб қолмай, шаҳар ва туманларда бўлиб, оилавий шифокор, амалиётчи ва патронаж ҳамшираларга маҳорат дарслари ўтмоқда. Бу машғулотларда тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва касалликларни олдини олиш сирлари ҳақида амалий билимлар бериляпти.
Болалар ва ўсмирлар ҳам марказ эътиборида. 1-тур қандли диабет билан оғриган 491 нафар ёш бемор тўлиқ глюкометр ва тест япроқчалар билан таъминланди. Шунга қўшимча, юзлаб беморлар учун аналог инсулин, қандсиз диабетли беморлар учун уропрес ва ўсишдан ортда қолган болалар учун соматотроп гормон етказилди.
[gallery-24870]
Ярим йил ичида филиалда замонавий операциялар ва диагностика усуллари жорий этилди. Орхидоэктомиядан тортиб, гистерэктомия, қон қандини доимий мониторинг қилиш тизими (CGM), юрак ва қон томирлар УТТ доплери каби хизматлар эндокринологияда янги босқични бошлаб берди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА