Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фарғонада электр энергияси ўғринча ишлатилган
15:12 / 2023-08-15

Электр энергиясини ишлаб чиқариш осон жараён эмас. Шу боис, электр энергиясидан оқилона ва қонуний фойдаланиш ҳар бир истеъмолчининг асосий бурчидир. Бироқ истеъмолчилар орасида давлат манфаатига зиён етказиб, ушбу манбадан ўғринча ишлатишга уринаётганлар ҳам тез-тез учрамоқда.

Яқинда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан Фарғона вилояти прокуратураси ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда шундай кимсаларнинг қилмишлари ошкор этилди. 

Унга кўра, Фарғона вилояти Фарғона туманидаги “Минабод” МФЙда жойлашган Кардиология марказининг электр қурилмаларидаги электр ҳисоблагич электр энергиясини ҳисобга олмаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат туфайли 335 минг киловатт соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 167 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.  

Шунингдек, Боғдод туманидаги “Янгиобод” МФЙда истиқомат қилувчи Д.Р. ўзига тегишли сув насоси хўжалигида қоидабузарликка йўл қўйган. Мазкур хўжалик электр қурилмаларининг ҳисоблаш ускунасида давлат муҳри бузилган ва исоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш натижасида 234 минг киловатт соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 105 миллион сўм миқдорида зарар келтирилган.  

Ҳар икки ҳолат бўйича аниқланган ушбу ҳажмдаги электр энергияси (жами 569 минг кВт соат) 2 минг 800 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.  

 

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА